Бирлашган Араб Амирликлари 2018 йилнинг ёзида мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган Ернинг биринчи сунъий йўлдошини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида БАА Космик агентлигининг бош директори Муҳаммад Носир Ал-Аҳбобий РИА "Новости"га маълум қилган.

"Келгуси йилда Амирлик фотосъёмкалар учун мамлакатнинг ўзида амирлик муҳандислари томонидан ишлаб чиқарилган Khalifa-Sat сунъий йўлдошини ишга туширади. Ўйлашимча, бу 2018 йилнинг ёз ойларига тўғри келади", - дейди Ал-Аҳбобий. 

Унинг сўзларига кўра, БАА сунъий йўлдошни ишлаб чиқариш учун бошқа мамлакатлар, шу жумладан Жанубий Корея билан ҳамкорлик қилган. Таъкидлаш жоизки, Амирлик муҳандислари таълим олиш учун 5 йил муддатга Жанубий Кореяга жўнатилган. Илк амирлик сунъий йўлдоши Корея Республикасида ишлаб чиқарилган, иккинчиси эса — DubaiSat — БАА ва Кореяда (50/50). 

Ал-Аҳбобийнинг таъкидлашича, Амирликнинг яна бир алоқа сунъий йўлдоши - Yahsat'ни 2018 йилнинг ёзида ишга тушириш режалаштирилган. Бундан ташқари, уч йил давомида яна олти сунъий йўлдоши яратилиши кўзланган.