4 октябрь куни Тошкентда ОАВ вакиллари учун ADWEEK 2017 Маркетинг ва реклама ҳафталигига бағишланган илк расмий матбуот-анжумани бўлиб ўтди. 

Маркетинг ва реклама соҳасининг энг йирик ва ёрқин тадбирига айланиб улгурган ADWEEK 2017 Ҳафталиги 2018 йилнинг 26 февралидан 2 мартигача Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Ҳафталик доирасида кўргазма, анжуман ва ADWEEK танлови каби тадбирлар бўлиб ўтади.

Кўргазма 3 кун давомида (2018 йилнинг 28 февралидан 2 мартигача) Тошкентнинг «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида бўлиб ўтади.

ADWEEK кўргазмаси - бозор иқтисодиёти ва реклама индустриясининг замонавий талабларига жавоб бера оладиган брендлар, маркетинг лойиҳалари ва реклама кампанияларини қўллаб-қувватлаш, янгиларининг юзага келишига кўмаклашишдан иборат. Бозорда фаолият юритаётган реклама агентликлари, дизайн-студиялари, web-студиялар, полиграфия ташкилотлари, медиа агентликлар, маркетинг агентликлари, видео маҳсулот ишлаб чиқарувчилари, сувенирлар ва эсдалик совғалар ишлаб чиқарувчилари ўзаро беллашиш имконига эга бўлишади. 

ADWEEK анжумани ҳам «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида икки кун давомида (28 февралдан 1 мартгача) тақдимотлар, маҳорат дарслари, панелли муҳокамалар кўринишида бўлиб ўтади. 

ADWEEK танлови эса янги сармоядорлар, ҳамкорлар ва истеъмолчилар диққатини жалб этиш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни ривожлантиришда ноанъанавий маркетинг ва реклама йўналишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Танлов 2017 йилнинг октябридан бошланади ва 5 ой давом этади. 

ADWEEK 2017 маркетинг ва реклама ҳафталиги доирасидаги танлов қуйидаги тоифалар бўйича ўтказилади: 
1. Видео
2. Брендинг
3. Print & Outdoor
4. Аудио
5. Интеграциялашган лойиҳа
6. SMM
7. PR
8. WEB
9. Indoor& Exhibition
10. Концепт (Мазмун)
11. BTL&Event marketing
12. Ижтимоий реклама

Тадбиркорлик субъектлари (ишлаб чиқарувчилар ёки мижозлар) Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг талабларидан келиб чиққан ҳолда яратилган ўз маҳсулотлари намуналари билан иштирок этиш учун қуйидаги амалларни бажаришлари лозим:

1.  info@adweek.uz элетрон почтасига ариза юбориш;
2.  Ҳафталикнинг расмий www.adweek.uz, сайтида тегишли тойифа бўйича ариза топшириб рўйхатдан ўтиш.

Танлов ғолибларига ўз йўналишлари бўйича «Энг яхши» унвони тақдим этилади ва барча тақдимотларда, ОАВ хабарларида ишлатиш ҳуқуқи берилади.