АҚШ, Мексика ва Канаданинг мурожаат қўмитаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида футбол ўйинлари ўтказиладиган 32 та шаҳар рўйхатини тузди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда. Ўйинлар ушбу шаҳарларда бу борадаги заявка ғалаба қозонадиган бўлса, ўтказилади.

Аввалроқ, қўшма мурожаат қўмитаси жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши мумкин бўлган 44 шаҳардан иборат кенгайтирилган рўйхатни тузганди, сўнгра 41 шаҳар ўз тайёрлигини билдирди. Кейин эса рўйхат 32 тага қадар қисқартирилди.

Ушбу шаҳарлардан 25 таси АҚШда жойлашган - Атланта, Балтимор, Бостон, Шарлотт, Цинциннати, Чикаго, Даллас, Денвер, Детройт, Ҳьюстон, Канзас Сити, Лас-Вегас, Лос Анжелес, Майами, Миннеанаполис, Нэшвилл, Нью-Йорк, Орландо, Филадельфия, Финикс, Солт-Лейк-Сити, Сан-Франциско, Сиэтл, Тампа ва Вашингтон. Тўрттаси – Канадада - Эдмонтон, Монреаль, Торонто ва Ванкувер, учтаси - - Мексикада - Гвадалахара, Мехико ва Монтеррей. 2018 йилнинг март ойида расмий мурожаат Халқаро футбол федерациясига (ФИФА) юборилади.

2026 йилги Жаҳон чемпионатида ҳаммаси бўлиб 80 та ўйин ўтказилади – 48 таси гуруҳ босқичида ва 32 таси – плей-оффда. Лойиҳага кўра, 60 та ўйин АҚШ ҳудудида ўтказилиши лозим, Канада ва Мексика эса 10 тадан учрашувга мезбонлик қилади. АҚШ футбол федерацияси раҳбарининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар ҳукумати ушбу лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.

Шимолий Америкада жаҳон чемпионати охирги марта 1994 йилда ўтказилган бўлиб, мусобақага Америка Қўшма Штатлари мезбонлик қилган. Мексикада мусобақа икки маротаба - 1970 ва 1986 йилларда бўлиб ўтган. Канада эса ҳеч қачон жаҳон чемпионатини ўзида қабул қилмаган.

Халқаро футбол федерацияси кенгашининг 10 январь куни чиқарган қарорига кўра, 2026 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати 48 жамоа иштирок этадиган биринчи турнир бўлади. Мусобақани ўтказиш учун Марокаш ҳам даъвогарлик қилмоқда. 2026 йилги жаҳон чемпионатининг ўтказилиш жойи 2018 йил июнь ойида Москвада бўлиб ўтадиган ФИФА Конгрессида аниқланади. Агарда, номзодлар томонидан тақдим этилган дастурлар Конгрессни қониқтирмаса, сайловнинг иккинчи босқичи бошланади ва қарор 2020 йилга қадар қолдирилади.