Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг маълум қилишича, Европада табиий газ учун талаб ортади, Озарбойжон эса Европа учун янги ягона энергия манбаидир.

"Озарбойжон энергия секторини ривожлантириш чегараларимиз билан чекланган эмас. Бизнинг энергия хавфсизлигимизга келсак, барча иш йўлга қўйилди, биз нефть, газ ҳамда электр энергиясини турли йўналишлар бўйлаб экспорт қилмоқдамиз. Бизда 7 та қувур бор. Уларнинг учтасидан нефть етказиб берилмоқда – иккитаси Қора, биттаси Ўрта Ер денгизига қараб олиб боради. Газ қувурлари сони тўрттага тенг, улар орқали биз барча йўналишларда газ етказиб беришимиз мумкин - Грузия, Туркия, Эрон ва Россия", - деди Алиев Европа Кенгашининг сиёсат ва хавфсизлик бўйича қўмитаси делегацияси билан учрашувда.

Алиевнинг сўзларига кўра, Бокудан Италияга борадиган энг йирик газ қувури қурилиши давом этмоқда.

"Биз замонавий транспорт инфратузилмасини яратиш учун барча ишларни амалга оширдик. Бизнинг захиралар маълум, бозор белгиланган. Биз учун энг йирик бозор – Европа бўлиб, у ерда табиий газ учун талаб ортиб боради. Бизга маълумки, Европанинг газга бўлган эҳтиёжи ошади, Озарбойжон эса Европа учун янги ягона энергия манбаи ҳисобланади. Айни пайтда Европани газ билан таъминловчи барча бошқа манбалардан фойдаланилмоқда. Озарбойжон яқинда жойлашган, катта захираларга эга, етарли салоҳияти мавжуд янги манбадир. Биз Европа комиссияси билан қалин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Уч йилдан бери Бокуда Жанубий газ йўлагининг Маслаҳат кенгаши йиғилиши ўтказилмоқда. Бу йиғилишларда Европа комиссияси вице-президентлари ҳам иштирок этаяпти", - деди у.

"Жанубий газ йўлаги" лойиҳаси Европага Грузия ва Туркия орқали Каспий минтақасидан 10 миллиард куб метр Озарбойжон газини етказиб беришни назарда тутади. Дастлабки босқичда ЖГЙ учун асосий манба сифатида “Шоҳ Дениз” газ конденсат конларини ўзлаштиришнинг иккинчи босқичи доирасида олинувчи газ ҳисобланади. Келажакда лойиҳага бошқа манбалар ҳам қўшилиши мумкин.

Natural Gas Europe маълумотларига кўра, ЖГЙ қиймати тахминан 40 миллиард долларга тенг. Улар орасида – 9,3 миллиард доллар Трансанатолия қувури лойиҳасига (TANAP), 6 миллиард - Трансадриатика қувури лойиҳасига (TAP), 23,8 миллиард – “Шоҳ Дениз”ни ўзлаштиришнинг иккинчи босқичи ва Жанубий Кавказдаги газ қувури кенгайишига тегишли.

Шунингдек, Алиевнинг сўзларига кўра, “сўнгги вақтларда Европа Кенгаши расмий вакиллари Озарбойжонга ҳужумлар ташкиллаштиришди”.

"Улар бизга аъзоликдан маҳрум қилиш ва санкцияларни қўллаш билан таҳдид қилишмоқда. Албатта, бизнинг сиёсатчилар, депутатлар, журналистлар ва фуқаролар оддий реакцияни кўрсатишмоқда. Биринчидан, улар инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди томонидан қабул қилинган ўн мингдан ортиқ қарорлар бажарилишини таъминлашлари керак. Шундан кейингина Озарбойжонни аъзоликдан чиқариш ёки санкциялар ҳақида гапиришлари ўринли бўлади. Агарда бу рўй берса, бу факт иккиламчи стандартларнинг ғалабасига айланади”, - дея таъкидлаб ўтди Алиев.

Унинг қайд этишича, мамлакат 16 йилдан бери ЕК аъзосидир.

"Сизга шуни очиқ айтишим мумкинки, агарда Озарбойжон Европа Кенгашини тарк этса, ҳеч ким бунга аҳамият қаратмайди. Бизнинг ҳаётимизда ҳеч нарса ўзгармайди, биз яхшироқ, ёмонроқ, бойроқ ёки қашшоқроқ яшашни бошламаймиз", - дея хулоса қилган Алиев.

Озарбойжон етакчининг қўшимча қилишича, инсон ҳуқуқлари ва демократия мамлакат раҳбарияти учун бундан кейин ҳам устувор йўналишлар бўлиб қолади.

"Биз буни Европа Кенгаши бош котибига ёқиш учун қилаётганимиз йўқ. У ҳозирда Озарбойжонга асоссиз ҳужумлар уюштирмоқда. Биз буни ўз давлатимиз ривожи учун қилмоқдамиз", - деган у.