Қиш мавсумига тайёргарлик кўрмаслик ёки енгил-елпи қараш корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда аҳоли хонадонларида қийинчиликларни келтириб чиқаради. Бунга асосий сабаб, ёқилғини етарли захира қилмаслик, иситиш тармоқлари ва воситалари, мўриконларни сифатли таъмирдан чиқарилмаслик, шунингдек, газ ва электр тармоқларини носоз ва яроқсиз бўлган жойларини ўз вақтида янгиламасликдир.

Бундай ҳолатлар ёнғинлар келиб чиқишига олиб келади ва бир неча йиллик машаққатли меҳнат эвазига тикланган уй-жойлар, ишлаб чиқариш ва бошқа бинолар кулини кўкка совуради. Энг ачинарлиси, инсонлар куйиб, тан жароҳати олиши ва ҳатто ҳаётдан бевақт кўз юмиши ҳам мумкин.

Шу йилнинг 2 октябрь куни Андижон туманида истиқомат қилувчи О.М. хонадонида электр иситгич ёқиб, назоратсиз қолдирилиши оқибатида ёнғин келиб чиқиб, яшаш уйининг 60 метр квадрат шифт ва том қисми ёниб, зарарланган. Ўт ўчирувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан уйнинг 140 квадрат метр том қисми сақлаб қолинган.

Ўтган йилда турли сабаблар билан содир бўлган ёнғинлар оқибатида 36 киши куйишдан тан жароҳати олиб, 10 нафари ҳаётдан бевақт кўз юмган. Ёнғинларнинг олдини олишга жиддий эътибор қаратилмагани ана шундай кўнгилсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Ташкилот, муассаса ва корхоналарда ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Соҳа ходимлари томонидан ўрганишлар давомида Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Андижон шаҳридаги тери-таносил касалликлари диспансери, Андижон шаҳар ХТМФМТ ва ТЭ бўлими, Андижон шаҳридаги 40-умумтаълим мактаби, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасига қарашли Андижон шаҳрида жойлашган 2-маший хизмат касб-ҳунар коллежи, политехника коллежида бу борада етарли даражада ишлар ташкил этилмаганлиги аниқланди.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилиб, фуқаролар огоҳликка чақирилмоқда. Мавсум олдидан бу ишлар янада ривожлантирилиб, учрашувлар, давра суҳбатлари, амалий, тактик, ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрь кунги “Ёнғинлар профилактикаси кунларини ўтказиш ва ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш тўғрисида”ги 688-сон қарори асосида “Тасвирий ойина” ижодий бирлашмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда баннер ва плакатлар тайёрланиб, уларни аҳоли гавжум жойларга, жамоат транспортлари, йўл бўйларига ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Қаерда мавсумга етарли тайёргарлик кўрилмаса, носоз ва қўлбола ясалган иситиш жиҳозларидан фойдаланилса, ёнғин хавфсизлиги талабларига беэътибор бўлинса, шу жойда ёнғин балоси хавф солиб туради.

Улуғбек Қосимов,

Андижон вилояти ИИБ ЁХБ

катта муҳандиси, капитан.