Япониянинг NHK телерадиокомпаниясининг Токиодаги идорасида ишлаган 31 ёшли аёл журналист Мива Садонинг барвақт ўлимига ҳаддан кўп ишлаши оқибатида юзага келган юрак етишмовчилиги сабаб бўлган.

The Japan Times нашрининг ёзишича, бундай фикрга қизнинг ўлими сабабларини аниқлаш билан шуғулланган меҳнат меъёрлари нозири келган. Маълум қилинишича, Садонинг ўлимигача бир ой ичида у бор-йўғи икки кун дам олган. Қиз бу вақт ичида меъёрдан ортиқ 159 соат ишлаган.

Садо 2013 йилда 31 ёшида вафот этганди. У сиёсат билан боғлиқ воқеаларни ёритган.

Япония меъёрдан ортиқ ишлаш оқибатида ўлишни расман тан олувчи саноқли давлатлардан бири ҳисобланади.