KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда. Таҳририятга бу борада мурожаат қилувчилар талайгина. Ана шундай мурожаатлардан бири эътиборимизни тортди.

Аниқроғи, айни кунда оғир хасталик билан курашаётган Зиёда Ортиқованинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. Тошкент шаҳрида туғилиб, бахтли ҳаёт кечираётган Зиёда иккинчи фарзандини дунёга келтиргач, шифокорларга ҳам номаълум хасталикка дучор бўлган. Ўзбекистонда бу касалликнинг аниқ ташхисини қўйиш имкони бўлмагач, оила ҳиндистонлик мутахассисларга учрашган. Шу тариқа, улар хасталик билан 3 йилдан ошиқ вақтдан бери курашишмоқда. Бу вақт оралиғида Зиёда Ҳиндистонга 11 марта бориб, даволаниб келган. Унинг сўзларига кўра, ҳар ойда иммуноглобулин қабул қилиб юриши туфайли аҳволи барқарор.

«Нолимайман-ку, лекин кўп қийинчиликлар кўрдим. Иккинчи фарзандимни дунё келтирганимдан сўнг тобим қочди, бир ярим йил ичида ҳамма дори-дармонлар, даволаш муолажаларини қилдик, бироқ фойда бермади. Охири ота-онам Ҳиндистонга олиб кетишди. У ерда чуқур текширишди, турли таҳлиллардан ўтказишди. Барча таҳлиллар яхши чиқди, лекин иммунитетим йўқлиги сабабли тузалишим қийин бўлмоқда. Шунингдек, доимий равишда шамоллайман. Ҳиндистондагилар ҳар ойда иммунитетни кўтариб турадиган дори олишим кераклигини айтишди. 3 йилдан бери даволаниб келаяпман. Ўзбекистондаги шифокорларнинг кучи етмаяпти. Тузалиб кета олмаяпман, доимий ҳолсизланиш, кучсизлик, иштаҳанинг йўқлиги...

Аллоҳга шукр икки ўғил фарзандим бор. Яна фарзандли бўлиш ниятидаман. Орзуларим, умидларим кўп. Болаларимни катта қилишим керак. Турмуш ўртоғим ҳам далда бўлиб турибдилар. Ҳар куни Худога илтижо қиламан», дейди Зиёда Ортиқова.

KUN.UZ Зиёда учун хайрия акциясини ташкил этишга ваъда берди. Шу нуқтаи назардан касаллик ҳақида ўқувчиларга етарлича тушунтириш бериш учун тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирвосит Каримов билан суҳбатлашдик.

«Бу ҳолатни иккиламчи иммунитет танқислиги, дейишади. Яъни, туғма эмас, балки қандайдир касалликнинг сабабидан келиб чиққан. Бу ерда касалликнинг сабаби эмас, унинг асорати тузатилмоқда. Сабаби номаълум. Бу икки ҳолат бўйича келиб чиқиши мумкин. Шу туфайли гематолог, пульмонолог бу ҳолатни текширувдан ўтказиши керак. Бу ерда лимония, деган инфекция топилганини айтишган. Бироқ, бундай инфекцияни билмайман, балки ҳар хил қўзғатувчини турли давлатда ўзининг номи билан айтишлари мумкин. Иммуноглобулин қабул қилиб юриши туфайли аҳволи барқарор бўлиши мумкин. 

Биласизми, тиббиётда кўп нарса сурункали. Ҳозирда иммуноглобулиннинг қабул қилгани билан асосий касаллиги турибди. Масалан, ўпкадаги ҳозирги ҳолатни билмаймиз. Гематологнинг хулосасини кўриш керак. Қонда катта ўзгариш кузатилмаган. Кўкрак қафаси флюрографияси эса ўпкада ўсма - онкологик касаллик бор эканини кўрсатмоқда. Бу ерда гематолог, онколог кўриш керак. Ўлимдан бошқа ҳамма нарсага умид бор», - дейди шифокор.

Зиёда билан бўлиб ўтган суҳбатда унинг гаплари қалбимизни жунбишга келтирди: «Яшашни хоҳлайман, мен ҳар куни Худо билан гаплашаман, фарзандларимни ўйлайман».

Азизлар, Зиёдага ёрдам берайлик! Ҳеч бўлмаганда қўлингизни дуога очинг, уни дуо қилинг. Зеро, биз яхшилик қилувчиларданмиз. 

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун керакли маълумотлар: 

Пластик карта орқали (Click, Payme):
ЗИЁДА ОРТИҚОВА 

АГРОБАНК - 8600 0417 7400 3330 
ТEЛ: (+99890) 987 74 83