Бангладешдаги роҳингя-мусулмонларига ёрдам берувчи гуманитар ташкилотларда яқин олти ойда 1,2 миллион кишига ёрдам бериш учун 434 миллион доллар керак бўлиши маълум қилинган. Аксарияти болалардан иборат қочқинларга шошилинч ёрдам зарур. DailySabah шу ҳақида хабар берди. 

Манбага кўра, Мьянмадаги зўравонликлардан қочган ярим миллиондан зиёд роҳингя-мусулмонлари Бангладешдан қўним топган.

"Роҳингя аҳолисининг аксарияти жиддий жабрланган ва ҳозир фавқулодда мураккаб шароитларда яшайди", - деди БМТнинг Бангладешдаги координатор-резиденти Роберт Уоткин. 

Бангладеш ва гуманитар ташкилотлар имкон қадар роҳингя-мусулмонларига ёрдам беришга ҳаракат қилишмоқда. 

БМТ Мьянмадаги воқеаларни этник тозалашга қиёслади. Мьянма бундай айбловни инкор этмоқда. Расмий Мьянмага кўра, ҳарбийлар 25 август куни 30 полициячи ва ҳарбий лагерга уюштирилган ҳужумлар учун жавобгар роҳингя мусулмонлари билан кураш олиб бормоқда. 

Ўтган йилнинг октябрида ҳам шундай воқеа кузатилганди, бироқ унинг кўлами кичикроқ бўлган. Ўшанда 87 минг роҳингя мусулмони Бангладешга қочиб ўтганди. 

Уоткинснинг сўзларига кўра, қочқинлар оқими тўхтамаётгани боис яна 91 минг роҳингяни Бангладешга жойлаштириш имконияти кўриб чиқилмоқда. Таъкидланишича, умумий режа 1,2 миллион кишига мўлжалланган.

Маълумотларга кўра, ярим миллион киши озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёж сезмоқда, шу билан бирга яна 100 минг бошпана зарур. Роҳингя аҳолисининг ярмидан кўпи болалар бўлса, 24 минг нафари - ҳомиладор аёллар - уларнинг бари ёрдамга муҳтож. 

"Одамларнинг ҳаёти сақланиб қолиши учун оммавий ва шошилинч ёрдам зарур, - дейилади ташкилотда. - Ичимлик суви, санитария ва гигиена воситаларисиз касаллик эпидемияси авж олиши мумкин".