Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан туриб, барчани таълим билан таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашадиган маърифат ва диний бағрикенглик борасида махсус ҳужжат қабул қилишни айтиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси Усмонхон Алимов 4 октябрь куни Халқаро Пресс-клубда бу борада ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. 

"Дарҳақиқат, динимизда олимнинг обиддан афзаллиги тўғрисида жуда кўп кўрсатмалар мавжуд. Ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг бир ҳадиси шарифларида бу борада шундай деганлар: 

"Ким илм талаб қилиш йўлига буюрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёзадилар. Олимга осмондаги мавжудотлар, ердаги мавжудотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан юқори фазлга эга бўлганидек бўлади. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар илмни мерос қолдирганлар. Кимки илм олса, улуғ насибани олибди, демакдир", - дейди Усмонхон Алимов. 

Шунингдек диний идора раиси Президент виртуал қабулхонасининг очилиши халқимиз, айниқса мўмин-мусулмонларнинг муаммо ва масалаларнинг ечимини топишга жуда катта ёрдам бериб келаётганини қайд этди. 

Инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ ҳолатлар қайта кўриб чиқилганига эътибор қаратди. 

"Диний эътиқодда адашиб, нотўғри йўлга кириб қолганларни афв этиш ишлари жадаллашиб кетди. Экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш учун амалий ишлар қилинди. Бу борада диний идора бошчилигида барча имом-хатиблар жамоатчилик билан биргаликда жойлардаги экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган шахсларнинг эътиқодларини тўғирлашга эришишди. 

Сўнгги йилларда терроризм таҳдиди кучайиб бораётгани, унга нисбатан куч ишлатиб курашиш ўзини оқламагани боис муҳатарам Президентимизнинг "Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш" шиори остида жуда кўп ишлар қилинмоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олмоқда. 

Самарқандда Имом Бухорий номидаги илмий-тадқиқот халқаро марказининг ташкил этилиши ва Тошкент шаҳридаги ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши шу мақсадларга йўналтирилган", - дейди Усмонхон Алимов. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квоталари ўтган йилга нисбатан икки баробарга оширилгани таъкидланди.  

Маълум қилинишича, хорижда, хусусан мусулмон мамлакатларидаги ўқув даргоҳларида таълим олиб келган малакали кадрлар билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Айримларини диний таълим муассасаларига ишга олинган. Шунингдек диёримизнинг ҳатто энг чекка ҳудудларида ҳам янги масжидлар очилмоқда. 

Диний-маърифий китобларни чоп этиш ишлари ҳам анча тезлашди. Бир йилда 100 га яқин диний адабиёт чоп этилди. 

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Muslim.uz сайтининг фаолияти кенгайтирилиб, онлайн диний-маърифий дарслар ўтиш ва барча саволларга тўғридан-тўғри жавоб бериш хизмати йўлга қўйилди. Берилган маълумотларга кўра, сайтга бир кунда 70-100 тача савол келиб тушмоқда. 

Шунингдек диний идора алоҳида интернет саҳифасини ишга туширишни режалаштирди. Бу сайтнинг асосий мақсади "Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш" тамойилини асос қилиб, интернет сарҳадларида ҳам жаҳолатга қарши курашиш кучайтирилади. 

"Шуларнинг бари Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан туриб сўзлаган нутқининг исботидир", - дея хулоса қилди Усмонхон Алимов.

Бундан ташқари, тадбирда иштирок этган блогер Мубошир Аҳмад ҳам терроризмга қарши курашда айнан курашга эмас, маърифатга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Шу ўринда блогер интернет сайтларига бошқа исмлар билан кириб, ёшларни ёмон йўлга бошлайдиганлар айнан билимсиз кишиларнинг бошини айлантириши, билимли одамнинг қаршисидан чиқмаслиги, чунки уларга тенг келолмаслигини қайд этиб ўтди.