4 октябрь куни Давлат божхона қўмитасида ОАВ ходимлари учун "Республикамизда янги ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини оширишда божхона имтиёзларининг роли" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди. 

Бугунги кунда республикамизнинг 10 ҳудудида 14та эркин иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда. Ҳозирда бу зоналарда 62 лойиҳа амалга оширилган, 87 лойиҳа бўйича ишлар давом этмоқда. 

Фото: Kun.uz

"Мамлакатимизда қабул қилинган бир неча меъёрий ҳужжатлар эркин иқтисодий зоналарнинг самарали фаолият юритишига ёрдам бермоқда. Президентимизнинг 26 октябрдаги 4853-сонли фармонининг 3-бандига кўра, эркин иқтисодий зона  иштирокчилари ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун четдан келтириладиган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар божхона тўловидан озод этилди. Шунингдек, эркин иқтисодий зоналарни  экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш кўзда тутилган. 2017 йилнинг ўтган 9 ойи давомида ЭИЗлар иштирокчиларига божхона тўловларидан жами 260,9 млрд. сўм миқдоридаги имтиёзлар берилди", дея қайд этди  Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Маталибжон Солиев. 

Фото: Kun.uz

Шу билан бирга, имтиёзлар инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача берилади. Жумладан, 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар - 3 йил муддатга; 3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар - 5 йил муддатга; 5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар - 7 йил муддатга; 10 миллион ва ундан кўп АҚШ доллари ҳажмидаги инвестициялар - 10 йил муддатга берилади.

Фото: Kun.uz

Маълум бўлишича, 2017 йилда “Навоий” эркин иқтисодий зона иштирокчиларига - 20,1 млрд. сўм, “Жиззах” эркин иқтисодий зона иштирокчиларига 43,1 млрд. сўм, “Ангрен” эркин иқтисодий зона иштирокчиларига эса 197,7 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Шунингдек, Корея Республикасининг беғараз техник кўмак маблағлари асосида олиб кириладиган ускуналар, материаллар, адабиётлар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўланмайди.