Ички ишлар органлари томонидан Фарғона вилоятида яшовчи фуқаронинг шаъни, қадр-қимматини поймол қилганликда ва ушбу ҳолат тасвирланган видеороликни Интернет тармоғи орқали тарқатганликда гумонланаётган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилган.

29 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда бир неча номаълум шахс ёш йигитни ваҳшийларча дўппослаётгани ва ҳақорат қилаётгани акс этган видеоролик тарқалган эди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиб, юқорида қайд этилган жиноятни содир этишда гумон қилинган 5 кишини қўлга олишган. Улардан далилий ашёлар сифатида 5та телефон мусодара қилинган.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 103-модда 2-қисми (ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 112-модда 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш), 140-модда 2-қисми (ҳақорат қилиш), 164-модда 2-қисми (босқинчилик), 277-модда 2-қисми (безорилик) бўйича жиноят иши очилди. 

Айни вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўлга олинганларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлигини текширмоқда.