Президентнинг 2.10.2017 йилдаги ПҚ–3306-сон қарори “Кураш” миллий спорт турини ривожлантиришга қаратилган. 

Norma.uz’нинг ёзишича, ҳужжат билан 6 сентябрь – “Кураш” миллий спорт тури куни деб эълон қилинди. Ушбу спорт тури “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари дастурига киритилади.

Ўзбекистон кураш федерацияси ҳузурида “Кураш” миллий спорт тури маркази” ННТ ташкил этилди. Ташкилот Тошкент шаҳри, Корхожаота кўчаси, 25-уй манзили бўйича жойлаштирилади.

Ўзбекистон кураш федерацияси ва унинг бўлинмалари фаолиятини мунтазам қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, “Кураш” миллий спорт тури маркази биносини реконструкция қилиш ва моддий-техник жиҳозлаш учун ҳомийлик маблағлари жалб этилади. Бунда юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси (ялпи тушуми) бадал, ҳомийлик ва хайрия ёрдам кўринишидаги маблағлар миқдорига, лекин солиқ солинадиган фойданинг (ялпи тушумнинг) 10 %идан кўп бўлмаган миқдорга камаяди.

Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан спортчилар ва мураббийларга топшириладиган пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар кўринишидаги даромадлар ЖШДСдан озод қилинади. “Яктак” спорт кийимлари, “кураш гилам”ларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар эса 5 йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинди, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бундан мустасно.

Кураш бўйича Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек, Ўзбекистон биринчилиги ғолибларини олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш тартиби жорий этилади.