«Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски Польша терма жамоаси сафида 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаши доирасида Арманистон термасига қарши учрашувда ҳет-трик қайд этди.

29 ёшли ҳужумчи миллий терма жамоа учун 48, 49 ва 50-голларини урди ҳамда терма тарихидаги энг яхши бомбардирга айланди.

Бунгача бўлган рекорд Влодзимеж Любаньскига тегишли эди, у Польша терма жамоаси учун 48 гол урган.

Левандовски миллий терма жамоа сафида 2009 йилда дебют қилган ва ўтган вақт ичида 90 ўйинда майдонга тушган.

Шунингдек, «Бавария» футболчиси жаҳон чемпионатига саралаш босқичида урган голлари сонини 15тага етказиб рекорд ўрнатди.

Бундан аввалги рекорд германиялик Герд Мюллер ва португалиялик Кришитану Роналдуга тегишли эди (14тадан гол). Роналдуда Левандовскини бомбардирлар пойгасида қувиб ўтиб, янги рекорд ўрнатиш учун иккита ўйин бор (Андорра ва Швейцария терма жамоаларига қарши ўйинлар), польшалик футболчи ҳам яна бир учрашувда ўз имкониятини синаб кўради (Черногорияга қарши Варшавадаги ўйин).