O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат юридик универитети ва бир қатор бошқа олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар: Концепция ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди. Унда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

Конференциянинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг мазмун-моҳиятини, давлат органлари фаолиятини такомиллаштиришдаги ролини кенг жамоатчиликка етказиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлашга қодир давлат бошқаруви фаолиятига доир масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, партия дастурий ҳужжатларида давлат бошқаруви тизимига оид янги ғоя ва йўналишларни акс эттириш ва O‘zLiDePни Концепция қоидаларини ҳаётга татбиқ этишга фаол жалб қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Дастлаб O‘zLiDeP томонидан Самарқанд, Бухоро ва Қорақалпоғистон давлат университетлари негизида шу мавзуга бағишланган ҳудудий анжуманлар ўтказилди, бу мазкур долзарб мавзуни муҳокама қилишга янада кўпроқ олим ва тадқиқотчиларни жалб қилиш имконини берди.

Тадбирда фан ва эксперт доиралари вакиллари Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг мазмун-моҳиятини, унинг асосий қоида ва вазифалари, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини либераллаштириш тамойиллари, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик жараёнларини такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш, профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш, коррупция каби салбий иллатларга қарши курашиш каби масалаларни муҳокама қилдилар.

Муҳокамалар давомида анжуман иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга оширишда O‘zLiDePнинг таъсирчан иштироки бўйича кўплаб таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, қонунчиликка ижро этувчи ҳокимият органлари зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилаш ва жавобгарлик доирасини чегаралаш, давлат функциялари ва ваколатларининг ҳаддан ташқари марказлашувини камайтириш, маъмурий адлия тизимини ривожлантириш ва мурожаатларни коллегиал эшитишни жорий қилиш ҳамда айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Экспертлар ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда ижро этувчи ҳокимият ҳудудий органларининг ташаббускорлиги ва иштирокини ошириш жараёнларида Халқ депутатлари кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари имкониятларидан фойдаланиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Анжуманда O‘zLiDePнинг “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлигини изчил ошириш, ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан аҳоли муаммоларининг ҳал қилиниши ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назорати механизмларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашда фаол иштирокини таъминлаш хусусида ҳам фикр алмашилди.

Конференция якунида Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг амалга оширилиши ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни қисқартириш, вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, давлат бошқаруви тизимига инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини жорий этишга хизмат қилиши бўйича умумий позиция ишлаб чиқилди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.