2016 йил Рио-де-Жанейрода ўтган Олимпиаданинг 50 км га спорт юриши тури бўйича ғолиби бўлган словакиялик Матей Тотдан унга допинг қабул қилиш бўйича қўйилган айбловлар бекор қилинди. Бу ҳақда The Slovak Spectator нашри хабар бермоқда. Спортчининг айбсизлиги ҳақидаги қарорни Словакия енгил атлетика федерацияси қабул қилди. 

"Словакия енгил атлетика федерацияси интизом қўмитаси менинг фойдамга қарор чиқарганидан жуда бахтиёрман", деб айтган Тот.

Спортчи полиграфда (инсоннинг рост ёки ёлғон гапираётганини билиш учун қўлланадиган қурилма) синовдан ўтган ва бир нечта таҳлил топшириб, унинг биологик паспортида меъёрдан оғишишлар бўлмаганини исботлай олган. Спортчи унга нисбатан Енгил атлетика федерациялари халқаро уюшмаси (IAAF) ўтказган тергов сабабли Лондондаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишга мажбур бўлган. IAAF ва Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги Словакия енгил атлетика федерацияси қарори юзасидан 21 кун ичида Спорт ҳакамлик судига шикоят қилишлари мумкин. 

Риодаги Олимпиадада Тот 50 км лик масофани 3 соат 40 дақиқа 58 сонияда босиб ўтган. Тотнинг ҳисобида шунингдек Пекиндаги 2015 йилги жаҳон чемпионати олтин медали ва 2014 йилги Европа чемпионати кумуш медали бор.