Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Давлат раҳбари мулоқот аввалида Тожикистон Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этган. 

Ўзаро қўллаб-қувватлаш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки мамлакат ва икки халқ ўртасидаги кўп асрлик мустаҳкам дўстлик ришталари, умумий тарих, маънавий ва маданий қадриятларга асосланган анъанавий яқин ва яхши қўшничилик алоқалари мустаҳкамланаётгани чуқур мамнуният билан алоҳида таъкидланган. 

«Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик изчил ривожланмоқда, барча даражада, жумладан, чегараолди ҳудудлар ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида мулоқот фаоллашгани кузатилмоқда». 

Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ўсди. Душанбе шаҳрида Ўзбекистон корхоналарининг саноат ярмаркаси ва икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида бизнес-форумлар муваффақиятли ўтказилди. 

Қўшма савдо уйлари ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилмоқда. Мамлакатларимиз пойтахтлари Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланди. 

Маданий алоқалар кенгаймоқда – жорий йил май ойида Тожикистонда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари ўтказилди, октябрь ойида мамлакатимизда ҳам шундай тадбир ўтказилиши режалаштирилган. 

Мамлакатларимизни яқинлаштириш ва кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ҳамкорликдаги ишлар Ўзбекистон ва Тожикистоннинг кўп миллатли халқлари манфаатига хизмат қилмоқда, бу халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда», дейилган хабарда. 

Мулоқотда икки давлат ўртасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, олий ва юксак даражада бўлиб ўтадиган тадбирлар режаси муҳокама қилинган. 

Шунингдек, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонни яна бир бор самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ ва улкан муваффақиятлар, дўст тожик халқига тинчлик, осойишталик ва фаровонлик тилаган. 

Ўз навбатида, Тожикистон Президенти ҳам Ўзбекистон Президентига самимий табрик ва юксак эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирган. 

Томонлар дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам биргаликда ривожлантиришга тайёр экани қайд этилган.