Япониянинг Panasonic корпорацияси CEATEC 2017 кўргазмаси доирасида егуликнинг калориясини унга тегмаган ҳолда ўлчашга мўлжалланган CaloRieco қурилмасини тақдим қилди.

У ёки бу таомнинг озиқавий қийматини аниқлаш учун уни CaloRieco қурилмаси ичига жойлаб, сўнгра унинг қопқоғини ёпиб, бироз кутиш керак бўлади. Компания вакилларининг таъкидлашича, егуликни аниқроқ таҳлил қилиш учун уни бўлакларга бўлиш ёки майдалашга ҳожат бўлмайди ва шу сабабли унинг ташқи кўринишига ҳам путур етмайди.

"Турли масаллиқлар инфрақизил нурларни турлича акс эттиради, бу эса ақлли қурилмага уларни танишга имкон беради", деб тушунтирди Panasonic’нинг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Каори Манабе.

Таомни таҳлил қилиш тахминан 10 сония вақт олади. Бу вақт ичида тизим таомни саканерлайди ва унинг оғирлиги, таркиби ва озиқавий қиймати ҳақида маълумот беради. Бу маълумотлар фойдаланувчи уларга смартфон ёки планшетдаги дастур орқали эга бўлиши мақсадида булутли сақлагичга узатилади.

Тизим истеъмол қилинган калориялар миқдорини эслаб қолиб, кундузги меъёрдан ошмаган ҳолда қабул қилса бўладиган таом ва озиқ-овқат маҳсулотларини тавсия қилади.

Қурилма яратувчиларининг ғоясига кўра, CaloRieco парҳез тутаётганлар ҳамда турли касалликлар сабабли калориялар миқдорини ҳисоблаб юришга мажбур бўлганларга асқатади. Бугунги кунда қурилма фақатгина концепт кўринишида ишлаб чиқарилган. Қурилма қачон савдога чиқиши эса маълум қилинмаган.