Google тез орада технологиялар оиласини тўлдириши кутилаётган янги девайс ҳақида маълумот берди. Google Pixel Buds қулоқчинлари Apple AirPods'га жуда ўхшаб кетади, бироқ уларнинг бир неча фарқи мавжуд. Энг асосийларидан бири - Google қулоқчинлари автоматик равишда 40 тилдан таржималарни амалга оширади, бунинг учун тугмани босиб, "Менга испанча гапиришга ёрдам бериб юбор!" дейишнинг ўзи кифоя.

Фото:Google

Бу функцияни фақат яна бир янги қурилма билан бирга қўлга киритиш мумкин — Google Pixel 2 смартфони. Афтидан, Google смартфон ишлаб чиқариш соҳасида Apple билан жиддий рақобатлашмоқчи кўринади. Қулоқчинлар Google Assistant сунъий интеллект виртуал ёрдамчиси билан синхронлаша олади. Компания бош директори Сундар Пичайнинг сўзларига кўра, сўнгги йил ичида таржима сифати анча яхшиланган. 

Қулоқчинлар ноябрь ойида сотувга чиқади. Уларнинг нархи - 159 доллар. Google сайтида уларга олдиндан буюртма бериш бошланди.

Бироқ компания жиддий рақобатга киришишига тўғри келади, зеро кўп компаниялар синхрон таржимонларни ишсиз қолдириш устида ишламоқда.