Toyota компанияси янги авлоддаги Century седани ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди. Автомобилнинг оммавий намойиши 26 октябрь куни Токиодаги автосалонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берган. Мотор-шоуда машина прототипи намойиш этилади, аммо компаниядан таъкидлашларича, концепт серияли нусхадан фарқ қилмайди.

Century Японияда 1967 йилдан буён ишлаб чиқарилади, ҳамда учинчи авлоддаги седаннинг дизайни ҳеч қандай катта ўзгаришларга учрамади. Автомобиль узунлиги 5335 мм, кенглиги эса 1930 мм.га тенг. Ғилдирак базаси ҳажми 3090 миллиметр. Янгилик 5 литрлик бензинли V8 моторини ўз ичига олган гибридли куч қурилмага эга. Century’нинг динамик хусусиятлари сир сақланмоқда.

Фото: Toyota 
Фото: Toyota 
Фото: Toyota 

Шунингдек, компаниядан айтишларича, седанга махсус ғилдираклар ўрнатилади, улар нафақат йўлда тебранишни камайтиради, балки камроқ шовқин ҳам яратади. Машинанинг орқа йўловчилари учун массаж функцияси, 20 динамикли аудиотизим, сенсорли дисплей ва орқага тортиладиган оёқ қўядиган жой мавжуд.

Бундан ташқари, Toyota Токиодаги автосалонда TNGA платформасида қуриладиган Crown седанининг янги авлодини тақдим этади. Компаниядан ваъда беришларича, янгилик аввалги нусхадан яхшироқ бошқарув ва камроқ оғирлик билан фарқ қилади. Автомобиль узунлиги 4 910 мм, кенглиги эса 1800 мм.га тенг. Ғилдирак базаси ҳажми - 2 920 миллиметр. Crown катта радиатор панжараси, нурдиодли оптика, кенг ғилдиракларга эга бўлади.

Фото: Toyota 
Фото: Toyota 

Toyota’нинг Токиодаги автосалонда яна бир премьерасига BMW билан ҳамкорликдаги платформада қуриладиган янги Supra айланади. У немис турбомоторлари билан жиҳозланади: икки литрлик "тўртталик" ва уч литрлик олти цилиндрли қурилма. Бундан ташқари, гибрид версия ҳам режалаштирилган бўлиб, у, эҳтимол, олд ўқида электромоторли тўла узатмага эга бўлади. Япония бренди модель қаторида машина GT86’дан юқори поғонада жойлашади ва япон компаниясининг янги купесига айланади.