Туркманистон Марказий банки туркман банклари томонидан берилган конверсион карталардан бошқа давлатлардаги банкоматлардан нақд пул ечиш ҳажмини пасайтирди. 27 сентябрдан эътиборан хорижда саёҳат қилаётган туркманистонликлар ўзларининг VISA халқаро карталаридан кунига 100$ ёки шунга монанд маҳаллий валюта ечиб олишлари мумкин. Илгари кунлик лимит 250 долларни ташкил этаётган эди, деб ёзади habartm.org.

Кузатувчилар буни валютанинг ўта тақчиллиги ва ҳукуматнинг мамлакатдаги янги ҳодиса бўлмиш «доллар туризми» — фуқаролар ўз манатларини давлат курсида конвертьция қилиб, хорижга чиқиб уни банкоматларда нақдлаштиришга қарши курашаётгани билан боғлашмоқда. Туркманистонга қайтгач, улар нақд долларни «қора бозор»да банк курсидан икки баробар қимматроққа айрибошлашади.

Илгарироқ Туркманистон ҳукумати тадбиркорлар учун ваалюта конвертация борасида бир қатор чекловлар ҳам жорий этган эди. Бугунги кунда банклар хорижий етказиб берувчи билан шартнома суммасининг максимум 2 фоизигача бўлган қисмини конвертация қилиб бермоқда. Шартномаларнинг кўпчилигида банкларнинг томонидан умумий сумманинг 1–1,4 фоизи конвертация қилинмоқда.