Кўксаройда кенгайтирилган таркибдаги Ўзбекистон – Қирғизистон музокаралари бўлиб ўтди.

Музокаралар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг тор доирадаги музокаралари якунидан кейин икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди. 

ЎзА хабарига кўра, музокарада Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларацияни имзолашди. 

ЎзА хабарида қайд этилишича, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.