Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида табиий амиакда ишловчи ҳавони совутишнинг қайта янгиланган марказлашган тизими ишга туширилди. Умумий қиймати 500 минг АҚШ долларини ташкил этган мазкур лойиҳани амалга оширишга тайёргарлик бир йилдан ортиқ давом этиб, бир неча босқичда ўтди. Бу ҳақда KUN.UZ’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу тизимнинг афзаллиги шундаки, у ҳавони марказлаштирилган ҳолда ва энг муҳими экологик жиҳатдан тоза усулда  совутиб беради. Совутишнинг бундай усулига ўтиш ҳозирда ривожланган давлатларда жадаллик билан татбиқ қилинмоқда. Ушбу тизимнинг инсон саломатлигига зарари камлиги ва озон қатлами ҳамда иқлим ўзгаришига хавф солмайдиган экологик соф технология эканлиги аҳамиятлидир.  

— Ёзда беморлар парваришидаги асосий омиллардан бири бу — ҳаво ҳароратини назорат қилиб боришдир, — дейди соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВ. — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази 800 ўринга мўлжалланган бўлиб, эскирган совутиш тизими сабаб, иссиқ мавсумда беморлар учун керакли шароитни экологияга зарар этказмай яратиш муаммоларга сабаб бўлаётган эди.  Янги лойиҳа айни шу масалага ечим сифатида жорий этилмоқда. 

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида татбиқ этилган ушбу лойиҳа Монреаль баённомаси талабларига кўра ишга туширилди. Мамлакат 1993 йилдан буён Монреаль протоколи юзасидан олинган мажбуриятларни муваффақиятли бажариб келмоқда. Ушбу протокол талабларига кўра, унга аъзо мамлакатлар хлор, фтор, углерод синфига мансуб хладагентларнинг кимёвий моддаларини истеъмолдан чиқариб ташлаш, сўнг босқичма-босқич улардан фойдаланишни қисқартириш, 2030 йилга келиб мазкур синфга мансуб бўлган барча хладагентларни истеъмолдан чиқариш мажбуриятини олган. 

Маълумот учун,  озон қатламининг юпқалашиб кетиши муаммосини ҳал этиш мақсадида 1985 йил 147 мамлакат иштирокида Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилинган. 1987 йил 16 сентябрь куни Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль баённомаси имзоланган. 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Глобал экологик жамғарма ҳамкорлигида “Иқтисодиёти ўтиш давридаги мамалакатлар ҳудудида гидрохлорфторуглеродлардан фойдаланишни жадал қисқартиришнинг бирламчи бажарилиши – Ўзбекистон” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Озон емирувчи моддалардан фойдаланишни қисқартиришга қаратилган ушбу ҳамкорликдаги лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири – ҳавони совутиш ва кондиционерлаш тизимида муқобил хладагентлар қўлланилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобланади.