Канаданинг Монреаль шаҳрида ўтаётган спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионатида 42 ёшли ўзбекистонлик спортчи Оксана Чусовитина таянч сакраш йўналиши бўйича мусобақалар финалига чиқди. 

Олимпиадаларда иштирок этиш сони бўйича рекорд соҳибаси жаҳон чемпионатига жароҳатига қарамай тайёргарлик кўрганини тан олди. 

"Спорт гимнастикаси момоси" деб эътироф этилувчи Чусовитина фаолиятидаги 15-жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. 

Бу мавсум Оксана учун анча омадли кечмоқда. У Бокуда ўтган Жаҳон кубоги босқичини ютди, энди эса жаҳон чемпиони номини олиш учун яхши имкониятга эга. Оксананинг айтишича, у бундан ҳам яхшироқ иштирок эта олади, бироқ аввалроқ олган жароҳати панд бермоқда. 

"Сакрашлар унча мураккаб бўлмади, бироқ шунга қарамай бироз ҳаяжонландим. Уч ҳафта олдин оёқ мушакларимда жароҳат олгандим ва шундан кейин бир неча кун машқ қила олмадим", деб айтмоқда Чусовитина.

Одатда, спорт гимнастикасида 22 ёш пенсия ёши ҳисобланади. Бироқ афсонавий ҳамюртимиз бу қоидадан мутлақ истиснодир.

Бундан ташқари, Чусовитина фарзанд кўргандан кейин спортга қайтган 4 гимнастикачидан бири ҳисобланади. Бироқ у ва яна бир афсонавий гимнастикачи Лариса Латинина спортга қайтгач ўз иштирокларини аввалгидек ёрқин давом эттира олганлар.

Чусовитина спортда ўғли Алишер деб бундай узоқ вақт қолмоқда. Алишер 3 ёш бўлганда унга оққон касаллиги ташхиси қўйилган. Шу сабабли Оксанага ўғлининг даволанишига ҳак тўлаш учун ғалабалар керак эди. Ўша вақтда боланинг даволаниши учун 120 минг доллар талаб этилган. Чусовитина ўғлининг соғайиб кетиши учун 4 хонали квартирасини ва иккита машинасини сотган, бироқ олинган пуллар барибир етмаган. Алишерни Германиянинг Кёльн шаҳри спорт клуби ва бефарқ бўлмаган одамлар ёрдами билан оёққа турғазишга муваффақ бўлинган. 

Оксана 7 та Олимпиадада иштирок этган ва унинг бу натижаси Гиннесс рекордлар китобида қайд қилинган. Оксана 3 йилдан кейин, 45 ёшида Токиодаги Олимпиадада 8-маротаба иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Шундай экан, бу тиниб-тинчимас спортчимизга янада улкан зафарлар тилаб қоламиз.