Кариб денгизида "Нейт" номини олган янги тропик шторм вужудга келди. У довулгача кучаймоқда ва ҳозирнинг ўзида 22 кишининг ўлимига сабаб бўлди. "Нейт" АҚШнинг Мексика кўрфазидаги соҳилларига йўналмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг довуллардан огоҳлантириш миллий маркази маълум қилган.

"Нейт" АҚШнинг жанубий соҳилларига довул кучига эга бўлган ҳолда шу дам олиш кунлари етиб бориши ҳамда кучли шамол ва ёғингарчалик оқибатида вайронгарчиликлар келтириб чиқариши кутилмоқда", деб айтилган хабарда.

"Нейт"дан биринчилардан бўлиб жабр кўрган Никарагуа раҳбарияти табиий офатдан камида 15 киши ҳалок бўлганини, яна бир неча киши бедарак йўқолганини тасдиқлаган. Ҳалок бўлганлардан бир қисми сув оқими билан Хуигальпа каналига оқизиб кетилган. Бундан ташқари, Коста-Рикада ҳам 7 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган, 15 киши бедарак йўқолган. Ёмон об-ҳаво туфайли юзага келган тошқинлар оқибатида 5 минг уй сув остида қолган.

АҚШнинг довуллардан огоҳлантириш миллий маркази маълумотларига кўра, "Нейт" ҳозирда Гондураснинг Пуэрто Лемпира шаҳридан 72 км узоқликда жойлашган. Об-ҳаво мутахассислари маълумотларига кўра, штормнинг шамол тезлиги 64 км/соатни ташкил қилмоқда. 

АҚШнинг Луизиана штати раҳбарияти Янги Орлеан яқинидаги Сан-Бернар округи мажбурий эвакуация қилинишини эълон қилган. Бундан ташқари, штатдаги Гранд Айл ороли аҳолисига ҳам эвакуация имконияти тақдим қилинган.

Янги Орлеан мэри Митч Ландро шаҳарда фавқулодда вазият тартиби киритилишини маълум қилган. "Саросимага сабаб йўқ, бироқ тайёр туришга бор", деб айтган мэр.

Бу орада Луизиана губернатори Жон Белл Эдвардс ҳам фавқулодда вазият тартиби киритилишини ва миллий гвардиянинг 1500 ҳарбийси сафарбар қилинишини маълум қилган. 

"Нейт" Луизианага 8 октябрда келиши кутилмоқда. Унга биринчи хавфлилик даражаси берилган.