Японияда яқинда ташкил этилган "Умид партияси" етакчиси, Токио губернатор Юрико Коикэ мамлакат парламентининг қуйи палатаси учун сайловлардан аввал, Япония конституциясининг 9-моддасини ўзгартириш тарафдори эканини билдирмоқда. 

"Биз конституцияга, хусусан 9-моддага ўзгартиш киритишни муҳокама қиламиз. Бизнинг давримизда конституция қандай бўлиши керак, деган масалада баҳс-мунозаралар ўтказамиз", — деган Коикэ Токиода бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

Япония Асосий қонунининг 9-моддасида "япон халқи миллатнинг суверен ҳуқуқи сифатидаа абадий урушдан, таҳдиддан ёки халқаро келишмовчиликларни ҳал этиш воситаси сифатида қуролли кучларни қўллашдан воз кечади", дейилади.

Коикэнинг ёдга олишича, КХДР томонидан ракета таҳдидлари пайдо бўлгани туфайли бу масала кун тартибига чиқмоқда. 

Қайд этиш жоиз, Япония бош вазири Синдзо Абэ ҳам сўнгги йилларда 2020 йилга келиб Япония тинчликпарвар конституциясини ўзгартириш фикрини илгари суриб келади.

Мамлакатнинг урушдан воз кечиши Иккинчи жаҳон урушидан кейин конституцияга киритилган эди. Шундан сўнг, Япония ўз армиясини ҳам ташкил этишдан бош тортди ва айни кунларда Япония қуролли кучлари "ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари" деб аталади.

Япония парламенти қуйи палатасига навбатдан ташқари сайловлар 22 октябрь куни бўлиб ўтади.