Вазирлар Маҳкамасининг 18.09.2017 йилдаги 739-сон қарори билан Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг қисмларига берилади.
 
Илгари мустақил лицензияланадиган юкларни шаҳарда, шунингдек шаҳар атрофида ташишлар бирлаштирилди.  Энди шаҳар ва шаҳар атрофида автомобилда юк ташиш учун битта лицензия ҳамда шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар учун алоҳида-алоҳида лицензия олиш мумкин.
 
Юк ташишнинг барча турлари учун аввалгидек умумий лицензия энди берилмайди (шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро).    
 
Лицензия бериш учун давлат божи ставкалари лицензия (лицензия карточкаси) учун тўлов амалга оширилган кунда белгиланган ЭКИҲга каррали миқдорда ўрнатилди. Илгари ставкалар АҚШ долларида белгиланар эди.