Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг баёнот беришича, Венесуэла президенти Николас Мадуро билан учрашуви ижобий руҳда кечган. Унда икки давлат раҳбарлари энергетика ва савдо масалаларига доир мавзуларни муҳокама қилишган. Бу ҳақда Daily Sabah газетаси ёзмоқда.

Мадуро билан Анқарада ташкил этилган қўшма матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўғаннинг айтишича, Венесуэла билан алоқалар маданий соҳаларда ҳам мустаҳкамланаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Туркия президентининг таъкидлашича, Мадуронинг сўровига мувофиқ, Туркия Каракасда масжид барпо этади. 

Мадуронинг 6 октябрдаги Туркияга ташрифи АҚШнинг ушбу Жанубий Америка мамлакатига санкциялар қўллаганидан сўнг амалга ошмоқда. Айни вақтда Венесуэла сиёсий инқироз баробарида 3 сонли инфляция даражаси ва қашшоқликнинг кенг тарқалиши каби муаммоларга дуч келмоқда. 

Мадуро Туркияга сафаридан аввал Россия ҳамда Белоруссияга ҳам борди ва собиқ совет мамлакатлари билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.