Халқаро Олимпия қўмитаси Олимпия хартиясининг 59-моддаси асосида Бразилия Миллий олимпия қўмитасини вақтинча четлатди. Бу ҳақда ташкилот сайтида эълон қилинган ХОҚ баёнотида сўз юритилган, дейилади ТАСС хабарида. 

Бу қарор Бразилия МОҚ раиси ҳамда Рио-де Жанейро-2016 ташкилий қўмитаси раҳбари Карлос Артур Нузманнинг коррупцияда алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олингани сабаб бўлган. 

Шу муносабат билан ХОҚ Бразилия МОҚ ҳисобига ўтказиладиган барча тўловларни музлатди ва 2016 йилги ўйинлар ташкилий қўмитаси билан муносабатларни тўхтатди.

Баёнотда таъкидланишича, бу қарор бразилиялик спортчиларга алоқадор эмас. ХОҚ уларнинг 2018 йилги Қишки Олимпия ўйинларида иштирок этишига рухсат беради. Уларга, шунингдек, Олимпия стипендиялари ҳам тўланади.
 
Нузман 5 октябрь куни қўлга олинган. У Рио-де-Жанейро шаҳрининг 2016 йилги Олимпия ўйинлари пойтахти сифатида танланиши учун 2,5 млн доллар пора берганликда гумон қилинмоқда. Нузманни қўлга олиш қарори, унинг ўз солиқ декларациясида 16 та олтин ёмби харид қилгани ҳақидаги маълумотни киритишга уринганидан сўнг қабул қилинган.