Владимир вилояти Петушинский туманидаги темирйўл кесишмасидаги Покров бекати навбатчи автобус ҳайдовчисини поезд яқинлашаётгани ҳақида хабардор қилмаганди. Бу ҳақда Владимир вилояти губернатори Светлана Орловага тўқнашувдан омон қолган йўловчилардан бири хабар қилган.

«Темир йўл хизматчиси ҳеч қандай белги ўрнатмаганди. Ҳеч ким автобус поезд йўлига тушиб қолганидан огоҳлантирмади. Навбатчи тўқнашув рўй берганидан кейингина ўз хонасидан чиқди», деган йўловчилардан бири.

Автобус кесишма устида ўчиб қолган. Поезд машинисти йўлдаги автобусни кўргач, фавқулодда тўхташни қўллашга уринган, аммо составни тўхтата олмаган. Ўртадаги масофа қисқалик қилган, соатига 90 км тезликда ҳаракатланган поезд тўхташи учун 746 м масофани ўтиш керак эди, аммо машинист тормозни босганида ўртадаги масофа 400 метрни ташкил этарди.

Ҳалокатга учраган автобусда 58 киши бўлган, шундан 56 нафари Ўзбекистон фуқаролари. Тўқнашув оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, шундан 19 нафари ўзбекистонлик. Шунингдек, яна икки бола оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Автобусдан чиқишга улгурганлар омон қолган.

Ушбу ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатган.

Жиноят иши Россия Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-қисми («темирйўл, ҳаво, денгиз ва ички сув транспорти ва метрополитен ҳаракати хавфсизлиги ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш») аломатлари билан қўзғатилган. Мазкур модда бўйича айбланувчилар узоғи билан етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.