Қирғизистонда Ўзбекистон кунларининг тантанали очилишига бағишланган концерт дастурида иштирок этувчи Ўзбекистон ижодий делегацияси 5 октябрь куни Бишкекка етиб борди. Концерт дастури 6 октябрь куни Т.Сатилганов номидаги қирғиз миллий филармониясида бўлиб ўтиши режалаштирилиб, унда Ўзбекистон халқ артистлари, хизмат кўрсатган артистлар иштирок этадилар.
        
Томошабинларни ўзбек эстрадаси хонандаларининг чиқишлари ҳам кутмоқда. Ҳар бир чиқишни “Ўзбекистон” ва “Навбаҳор” рақс ансамблларининг рақслари тўлдиради. 

Бундан ташқари ўзбек миллий мусиқаларининг Д.Бекмуродова, Ш.Озатова, А.Эргашева, Х.Каримова, Б.Мирзаева, Х.Йўлдошева, Ш.Холмирзаева, Ю.Абдуллаева, Ф.Алимова, И.Аблакулова ва Э.Файзиевалар ижросидаги талқини намойиш этилади. 

6 октябрь куни 14:30 да Гапар Айтиев номидаги қирғиз миллий тасвирий санъат музейида ўзбек фотографларининг “Ўзбекистон қиёфаси: тарих ва замонавийлик” мавзусидаги фотокўргазмаси бўлиб ўтди. Фотокўргазмадан замонавий Ўзбекистоннинг турли жабҳаларини акс эттирувчи суратлар ўрин олди. 

Абдуғани Жумаев (“Халқаро форумлар саройи”, “Хонанда Муножот Йўлчиева”), Владимир Жирнов (“Кечки Регистон”, “Излар”), Рустам Шагаев (“Ёш чемпион”), Владимир Шлосберг (“Эркинлик. Буюклик”), Фарход Қурбонбоев (“Мустақиллик кўприклари”) ва бошқаларнинг суратларида мамлакат ҳар бир вилоятининг ўзига хос миллий ҳамда умуминсоний қиймат касб этувчи бой анъаналарини кўриш мумкин.

Қолаверса, Бишкек ва Ўш кинотеатрларида 6-7 октябрь кунлари Акбар Бектурдиевнинг “Ойқиз эртаги” фильми намойиши бўлиб ўтади. “Ойқиз эртаги” кинокартинаси экшн ва фентези жанрида суратга олинган бўлиб, ўрта асрлар подшолиги даврини акс эттиради. Фильм Хива шаҳрида суратга олинган.