Қозоғистонда бедарак йўқолган ўзбекистонлик 14 ёшли боланинг жасади Атирау вилоятида топилди. Бу ҳақда «Казинформ» хабар тарқатган.

«5 октябрь куни Жилиўй туманида ўсмирнинг жасади топилди. Тахминларга кўра, у сентябрь ойи бошида бедарак йўқолган ўзбекистонлик Асилбек Ҳамроев. Бироқ, бу фақат дастлабки маълумот. Ҳозирги пайтда унинг шахсини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунинг учун у айнан Асилбек Ҳамроев эканини аниқ тасдиқлай олмаймиз», - дея хабар беришган вилоят Ички ишлар департаменти матбуот хизматидан.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи охирларида айни пайтда Қозоғистон Республикасида ишлаб, яшаётган ўзбекистонлик Умида Ҳамроева KUN.UZ таҳририяти билан боғланиб, фарзанди Асилбек Ҳамроев бедарак йўқолиб қолгани ҳақида маълум қилганди.

Умида Ҳамроева сўнгги 2 йил давомида Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида меҳнат қилиб келади. Шу пайтгача, 2002 йилда туғилган ўғли Асилбек ҳам онаси билан бирга Қозоғистонда яшаган. Асли Бухоро вилоятидан бўлган Умида Ҳамроева турмуши бекор бўлгани, болани қариндошларининг қарамоғида қолдириш имконияти йўқлиги туфайли, Асилбекни ўзи билан Атирауга олиб кетгани ҳақида айтганди. 

Она ўз боласини охирги марта Ўзбекистонга вақтинча қайтишдан аввал кўрган. Оила ижарага яшаб келаётган хонадон эгаси Асилбекка ғамхўрлик қилишга ваъда бериб, Умидани Ўзбекистонга кузатиб юборади. Кейинроқ жорий йилнинг 2 сентябрь куни Асилбек Ҳамроев уйдан чиқиб кетиб, бедарак йўқолганди