2017 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 12-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари сенаторлар томонидан жиддий муҳокама қилинди. KUN.UZ мухбирининг қайд этишича, шу масаладаги мунозаралар кун тартибига киритилган масалалар ичида энг кўп давом этган.

Айни масала юзасидан Халқаро Пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев ҳам Сенат мажлисида ўз фикрларини билдирди. Кейинроқ, у Facebook блогида бу ҳақда батафсил фикрларини қолдирди. 

“Бугунги кунни тарихий, туб бурилиш куни дейиш мумкин. Сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, вазирлар, ҳокимлар, ННТ вакиллари, Халқаро Меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро меҳнат стандатларига мувофиқ, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича чораларни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди”, - деб ёзади Қудратхўжаев.

Унинг қайд этишича, шундай муҳим масала янги Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда кўриб чиқилмоқда. Сенатнинг ушбу ташаббуси Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлашни янада мустаҳкамлаш долзарб масалага айланганидан келиб чиқди.

“Бу нимани англатади? - дея савол билаан мурожаат қилади Ш.Қудратхўжаев. – Бу мажбурий меҳнат эҳтимоллари жуда ҳам камайтирилганини билдиради. Эндиликда, олий қонун чиқарувчи орган даражасида қарор қабул қилинганидан сўнг, мажбурий ва болалар меҳнатига бутунлай йўл қўйиб бўлмайди. Бу Ўзбекистонда янги давр: қишлоқ хўжалигини механизациялаш даври, кўп меҳнат талаб қилинадиган соҳаларда АКТни жорий қилиш ва ўзлаштириш кириб келаётганидан далолатдир. Шунга кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳам ошади. Бу эса ишчини руҳлантиради”. 

Унинг умид билдиришича, энди ҳеч ким ёшларни ўз устида ишлашдан, таҳсил олиш ва ахборот технологияларини ўзлаштириш, шахсиятини камолга етказиш бўйича шуғулланишдан чалғита олмайди. 

“ХПК ёз мавсумидан бери ННТ сифатида шу йилнинг ёзидан буён республика минтақаларида одамлар ва ҳокимлар билан суҳбатда доимий равишда ушбу масалани кўтариб чиқди ва ҳудудлар раҳбарларидан ижобий жавоб олди. Бугун, Сенат сессиясида, улар, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Сурхондарё вилояти ҳокими Эркин Турдимов, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов яна бир марта шу йўналишда ишлаш қатъиятларини тасдиқлашди”, - деб ёзади Қудратхўжаев ўз блогида.

Унинг таъкидлашича, бу масала Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерациялари кенгаши томонидан жиддий назоратда бўлади. 

“Бугунги кун Ўзбекистоннинг ҳар қандай кўринишдаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига қатъий равишда “Йўқ!” дегани ҳал қилувчи ўрин тутади. Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига риоя этадиган ва уни ҳурмат қиладиган мамлакатлар қаторига кирди”, - дейди ХПК раиси.