"Нэйт" тропик шамоли оқибатида Марказий Америка давлатларида 20 дан кўпроқ одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ҳукуматлар хабар бермоқда. 

Мексиканинг Financiero портали маълумотларига кўра, Никарагуа ва Коста-Рикада 22 киши ҳалок бўлган. Табиий офат сабабли яна 3 киши Гондурасда ҳаётдан кўз юмган.

Никарагуада дарёлар қирғоқларидан чиқиб кетган, бутун мамлакат бўйлаб тревога эълон қилинган ва мактаблар ёпиб қўйилган. Коста-Рикада фавқулодда вазият эълон қилинган ва барча таълим муассасалари ёпиб қўйилган. 5 мингга яқин одам вақтинчалик бошпаналарда қолишга мажбур бўлмоқда.

Маълум қилинишича, Никарагуа соҳиллари яқинида вужудга келган "Нэйт" шторми марказида шамол тезлиги 64 км/соатни ташкил қилмоқда ва ҳозирда соатига 12 км тезлик билан шимоли-ғарбий томон ҳаракатланмоқда.