Ўзбекистон Президенти 2017 йилнинг 16 сентябридаги қарорига мувофиқ 292,15 миллион долларлик қийматга эга "Магистрал тармоқлар станцияларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш" инвестицион лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини тасдиқлади, дея маълум қилади Nuz.uz нашри. Лойиҳа 2017-2022 йилларда амалга оширилади. 

Инвестицион лойиҳанинг молиявий манбалари сифатида қуйидагилар белгилаб берилди:

- "Ўзбекэнерго" АЖнинг 75,35 миллион доллар қийматидаги ўз маблағлари;

- Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ)нинг 25 йиллик муддатга берилувчи 92 миллион долларга тенг заёми;

- Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА)нинг 25 йил муддатга берилувчи 58 миллион долларлик кредити.

Ўзбекистоннинг солиқ ва божхона имтиёзлари кўринишидаги ҳиссаси 66,8 миллион долларни ташкил қилади. 

"Ўзбекэнерго" акциядорлик компанияси ХТТБ ва ХТА кредитидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, шунингдек инвестиция лойиҳасини ўз вақтида амалга ошириш учун масъул ижро органи этиб тайинланади. 

Жаҳон банки экспертлари маълумотларига кўра, амалга оширилаётган лойиҳа энергетика сектори самарадорлигини ошириш имконини беради. Бунга Тошкент шаҳридаги 22 ва вилоятлардаги 10 устувор подстанцияни реконструкция қилиш орқали эришилади. Лойиҳа доирасида асосий электр узатиш линияларида узилишларни тезкор бартараф этиш учун зарур бўлган 110 киловольт/ўртача кучланишдаги мобил подстанциялар ва фавқулодда тикланиш тизимлари хариди кўзда тутилмоқда. 

Мазкур янги технология миллий энерготизимнинг барқарорлигини ошириш имконини беради. Лойиҳа самарадорликни ошириш ва энергоузилишларни қисқартириш орқали Ўзбекистондаги 6 миллиондан зиёд оиланинг йиллик энергия истеъмолига тенг миқдорда иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартиришга ёрдам беради. 

Лойиҳанинг амалга оширилиши магистрал электр тармоқлари фаолиятининг ишончлилигини оширади, иқтисодиёт соҳалари истеъмолчилари ва аҳолини узлуксиз электр таъминоти билан таъминлайди, ускуналарнинг капитал таъмирлови харажатларини камайтиради.