АҚШ вице-президенти Майкл Пенс Американинг коинотни ўзлаштиришдаги етакчилик ролига Россия ва Хитой томонидан рахна солинаётганини айтиб ўтди, деб ёзади РИА Новости.

«АҚШ Халқаро космик станциясига бир астронавтни етказиш учун Россияга 76 млн. доллардан зиёд маблағ тўламоқда, чунки бизда бу вазифани бажарувчи аппаратнинг ўзи йўқ. Разведка хизматларининг хабар қилишларича, Россия ва Хитой сунъий йўлдошларга қарши технологияларнинг кенг спектрини ишлаб чиқишмоқда, улар армиямизнинг самарадорлигига таҳдид солади. Шу икки мисолнинг ўзиёқ Америка коинотда етакчиликни қўлдан бой берганига яққол мисол бўла олади», — деб ёзган Пенс Wall Street Journal газетасидаги ўзининг муаллифлик мақоласида.

Мақола раиси Пенснинг ўзи бўладиган Амекриканинг Коинот бўйича кенгашининг биринчи йиғилишига бағишлаб чоп этилган ва унга «Америка Ойга қайтади ва ундан ҳам нарига ҳам учади» дея сарлавҳа қўйилган.

Ўз мақоласида вице-президент Вашингтоннинг коинотга оид ишланмаларда рақобатчиларидан ортда қолмасликка чақирган. Бу вазифани амалга ошириш учун 25 йил муқаддам ўз ишини тўхтатган Кенгаш қайта иш бошлайди. Пенснинг умид қилишича, орган АҚШ сиёсатининг бу соҳада кўпроқ маъқуллов ва изчилликка эришишига йўл очади.

Пенс шунингдек, АҚШнинг коинотни ўзлаштириш дастури ҳақида сўзлаб берган. Унга кўра, 1972 йилдан буён илк бор Ер орбитасидан йироққа, биринчи навбатда Ойга, сўнгра Марсга астронавт учириш, шунингдек Ер олди орбитасига тижорий парвозларни амалга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, ҳакерлар ҳужумига қарши туриш учун мудофаа технологияларини такомиллаштириш ҳам режалаштирилмоқда.