Бугун, 6 октябрь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисига бағишланди. Анжуманда иштирок этган Kun.uz мухбири Қирғизистон билан чегара муносабатларида  Сўх ва Шоҳимардон масаласи қандай ечим топганига қизиқди. 

Мазкур саволга Олий Мажлис Сенати фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев жавоб берди: 

«Давлатимиз раҳбари 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга қилган ташрифи чоғида ўзаро ҳамкорлик ва чегара масалалари бўйича шартномалар имзоланди. Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида эса бу ҳужжат ратификация қилинди. Эндиликда икки давлат ўртасидаги келишувларга биноан чегарадан ўтиш тартиби, режими 80 фоизга соддалаштирилди. У томондан ҳам, бу томондан ҳам аҳолининг кириб-чиқиши учун бир қанча қулайликлар яратилди. Бу ўз навбатида қўшничилик алоқаларини яхшилашга ва чегарада пайдо бўлувчи муаммолар олдини олишга ҳисса қўшади».

Зайниддин Низомхўжаевнинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасида имзоланган ҳужжатлар натижасида  Сўх тумани ва Шоҳимардонга ўтишда чегарада пайдо бўлувчи муаммоли вазиятлар ўз жойида ечимини топади. Бу эса ортиқча тўсқинликлар вужудга келишини олдини олади.