Ядро қуролини тақиқлаш бўйича халқаро кампания (International Campaign to Abolish Nuclear Weapons, ICAN) тинчлик бўйича 2017 йилги Нобель мукофоти совриндори бўлди. Мукофот сайтида маълум қилинишича, ташкилотга «ядровий қуролдан фойдаланишнинг ҳалокатли гуманитар оқибатларига эътибор қаратиш бўйича ишлари» учун мукофот берилган.

Шунингдек, Нобель қўмитасининг таъкидлашича, ҳаракат «бундай қуролни тақиқлаш бўйича битим имзоланишига эришган».

Ядро қуролини тақиқлаш ҳақидаги шартнома жорий йил 7 июлида ядровий давлатлар, жумладан, Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ ва Франция қатнашмаган музокаралар натижалари бўйича қабул қилинганди.

Унинг иштирокчилари ҳеч қачон ва ҳар қандай шароитда ҳам ядро қуролини тайёрламаслик, синовдан ўтказмаслик, ишлаб чиқармаслик ва тўпламаслик, қўлламаслик ва қўллаш билан таҳдид қилмаслик мажбуриятини олади.

Шартнома унга 50 давлат қўшилганидан сўнг 90 кун ўтиб кучга киради. Ҳозирга келиб ушбу ҳужжатни 53 мамлакат имзолади.

Аввалроқ тиббиёт («биологик соатлар» учун), физика (гравитациявий тўлқинларни кашф қилганлик учун), кимё (криоэлектроник микроскоп учун) ва адабиёт (Кадзуо Исигуро) бўйича Нобель мукофотлари соҳиблари маълум қилинганди.

Нобель мукофоти миқдори 2017 йилда тўққиз миллион Швеция кронаси (1,1 миллион доллар)ни ташкил этмоқда.

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти 2016 йилда «Колумбиядаги можарони ҳал қилиш саъй-ҳаракатлари учун» Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантосга берилганди.

Хуан Мануэль Сантос ва Колумбия революция қуролли кучлари раҳбари Родриго Лондоньо Эчеверри 27 сентябрь куни Картахена шаҳрида мамлакатда ярим аср давом этган қуролли можарони тўхтатиш ҳамда мустаҳкам ва барқарор тинчликни таъминлаш тўғрисида келишув имзолаган эди.

Унга кўра, 2 октябрь куни Колумбияда музокараларни қонуний мустаҳкамлаш учун референдум ўтказилди. Унинг натижасига кўра, келишувга рози бўлмаганлар ғалаба қозонди. Тинчлик келишувига қарши 6,4 миллион (50,21 фоиз) киши овоз берганди.