Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 30 сентябрь куни “Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни чиқарди.

Ҳужжат билан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси»ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар Жамғарманинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб ҳисобланади:

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда унинг таъсисчилигида ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ажратмалари;

давлат, чет эл ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратиладиган грантлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молиявий институтлар ва банклар томонидан ажратиладиган кредитлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

Тошкент шаҳар инфраструктурасини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, маҳаллий ички йўлларни таъмирлаш;

кўп қаватли турар жойларни умумфойдаланиладиган қисмини таъмирлаш, болалар ва спорт майдончаларини барпо этиш;

Тошкент шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга оширишда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга компенсация тўлаш ва улар учун кўп квартирали уйларни қуриш;

кам таъминланган ва ёш оилаларга имтиёзли кредитлар олинишида бошланғич бадални қисман ёки тўлиқ қоплаб бериш ҳамда маиший техника воситаларига бўлган бирламчи эҳтиёжни қондириш;

маҳалла фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маҳаллалар ҳудудида кутубхоналар ташкил этиш ҳамда бадиий ва бошқа адабиётлар билан бойитиш.

Қарор билан Тошкент шаҳар ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасини шакллантириш ҳамда унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш вазифаси топширилди.