Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2 октябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллар бўйича Давлат қўмитаси қошида “Ўзавтойўлбелги” Давлат унитар корхонаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни чиқарди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзавтойўлбелги” ДУК ташкил этилди. Унинг таъсисчисига Ўзбекистон Республикасининг Автомобиль йўллар бўйича Давлат қўмитаси айланди.

“Ўзавтойўлбелги” ДУКнинг асосий вазифалари орасида автомобиль йўлларини йўл ҳаракатини тартибга солишнинг техник воситалари билан жиҳозлаш соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа техник воситаларини ишлаб чиқариш, автомобиль йўлларида узоқ муддат давомида фойдаланиладиган чидамли йўл белгиларини чизиш учун материаллар ишлаб чиқариш кабилар бор.

Қарор билан “Ўзавтойўлбелги” ДУК бошқаруви аппарати тузилмаси тасдиқланди.

Шунингдек, корхонага умумий майдони 556,88 кв.м. бўлган йўл белгиларини таъмирлаш бўйича цех, “Автомагистраль” ихтисослаштирилган йўл таъмирлаш-қурилиш бирлашмаси” берилади.