KUN.UZ таҳририятига таниқли жамоат арбоби Аҳмаджон Одиловнинг ўлимидан бироз аввал Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтган видео келиб тушди.

“Қалбимда тўлиб турган гаплар кўп. Мирзиёевнинг таржимаи ҳолини ўқидим. Ёшликдан қийналиб ўсган, Аллоҳ берган кучи кўп экан. Кучидан ғайрати, ғайратидан кўра режаси кўп экан. Лекин, шунга биз ҳаммамиз, миллионлар, қўшни мамлакатлар билан бир бўлиб ёрдам қилсак, амалга ошадиган гапларни гапирмоқда. Бироқ, шу туришда ҳамма бир бўлиб ёрдам бермаса, жуда қийналиб қолиш хавфи бор. Шунга куч-қувват тилайман. Кучидан кўра режасини, мўлжалдагиларини амалга оширишда ҳамма бир бўлиб ёрдам қилишини бутун халқдан илтимос қиламан. Мирзиёевга куч-қувват, бахт-омад ҳамроҳ бўлсин, ишларига омад тилайман”, - деган видеода Аҳмаджон Одилов.

Эслатиб ўтамиз, Одилов 27 сентябрь куни 92 ёшида оламдан ўтди. 

Аҳмаджон Одилов 1925 йилнинг 1 майида Наманган вилояти Поп туманининг Ғурумсарой қўрғонида дунёга келган. 1960-70-йилларда Поп туманидаги Ленин номли колхоз раиси бўлган. 1970-йиллар охирида Поп тумани агросаноат комплексига раҳбарлик қилган. 1980-йиллар ўртасида СССР прокуратураси терговчилари Гдлян ва Иванов томонидан «Пахта иши» бўйича айбланиб қамалган ва Бутирка қамоқхонасида ўтирган. Ўзбекистон мустақилликка эришишганидан сўнг — 1991 йилнинг декабрида қамоқдан озод этилган. 1993 йилнинг 26 июнида Қўқон шаҳар суди уни 5 тонна минерал ўғитлар ўғирлаганликда айблаб, 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Кейинчалик совет даврида қилган иқтисодий жиноятлари учун яна 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Умумий ҳисобда у яна 16 йил қамоқда ўтириб, 2008 йилнинг 5 июнида 83 ёшида озодликка чиққан эди.