Ўтган ой охирида NASA агентлиги АҚШ ҳукумати шундай вазифа қўйса, ўз фаолият йўналишини ўзгартириб, Марс дастуридан воз кечиши ва Ойни ўзлаштириш дастурини ўрганишини билдирган эди. Кўринишидан агентлик ҳақиқатдан ҳам шундай қилишига тўғри келади. АҚШ ҳукумати инсонни Ойга қайтариш дастурини тиклашини эълон қилди.
 
4 октябрь куни The Wall Street Journal газетасида АҚШ вице-президенти Майк Пенс баёноти чоп этилди. Унда Миллий фазовий кенгашни тиклаш ва ушбу ташкилотга ўз раҳбарлик қилиши ҳақида сўз боради. 

Пенснинг уқдиришича, кенгаш сўнгги чорак асрдаги илк мажлисини ўтказади. “Унда мен битта мурожаат қиламан: Америка фазони тадқиқ қилишнинг етакчиси бўлади”, — деб қўшимча қилган Пенс. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Америка давлат фазо дастурида аниқ мақсад бўлмагани сабабли, АҚШ эмас, балки Хитой ва Россия бу соҳанинг етакчиларидир. 

Вице-президент, шунингдек, АҚШ ўзининг фазовий технологияларига жуда ҳам муҳтож эканини айтган. Булар мамлакатнинг коммуникация, навигация ва кузатув тизимларини хакерлик ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун зарардир. 

Янги давлат фазо дастури, умуман олганда, инсон тадқиқотларига бориб тақалади. Аммо, Пенснинг фикрича, Ой ва у ерда инсонлар яшайдиган доимий қўрғонларнинг пайдо бўлиши биринчи галда эришиш лозим бўлган стратегик мақсаддир. 

Таъкидлаш жоиз, бошқа кўзга кўринган арбоблар ҳам Ой масаласида шундай фикрда. Масалан, истеъфодаги астронавт Крис Хэдфилд шу йилнинг август ойида берган интервьюсида инсоният Ойда қароргоҳ ташкил этишга қайтиши кераклигини биринчи муҳим қадам деб айтган эди. Бундан кўзланган мақсад бунга қодирликни намойиш этиш бўлмаслиги керак. Чунки Ой келгуси фазовий сафарлар учун бошланғич нуқта бўлиши мумкин.

Албатта, АҚШнинг орзу-истаклари Ойда тўхтаб қолмайди. Вице-президент Пенс сўзларидан англаш мумкинки, Америка инсонни Марсга юборган илк мамлакат бўлиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Бироқ бу каби сафарлар илмий-тадқиқот моҳиятидан кўра, тижорий мақсадларга эга. 

Тўғри, АҚШ вице-президенти экспертлар гуруҳига кимлар киришига батафсил тўхталганича йўқ. Аммо биринчи галда ёдга келадиганлар Илон Маск (SpaceX раҳбари) ва Жефф Безос (Blue Origin раҳбари)дир. Маск яқинда 2024 йилда инсонларни Марсга етказиш режалари билан таништирди. Безос эса, келаси йилданоқ суборбитал павозларни амалга оширишини билдирди.