7 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти расмий сайти хабар тарқатди.

Суҳбат бошида Ўзбекистон раҳбари Россия Федерация президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, Россия етакчисининг икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг ривожланиши ва чуқурлаштирилиши, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдаги ўрни ва бунга қўшган катта шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Жорий йилнинг апрель ойида Россияга самарали давлат ташрифи ва олий даражада ўтказилган учрашувлар икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаб, уларга аниқ амалий мазмун бахш этгани катта мамнуният билан қайд этилди. 

Алоқаларнинг сезиларли кучайгани кузатилмоқда: сўнгги ойлар давомида Ўзбекистонга Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамраиси Игорь Шувалов, Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев, қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев, саноат ва савдо вазири Д. Мантуров, Татаристон раҳбари Р. Минниханов ва бошқалар ташриф буюрди. Олий ва юқори даражада бир қатор ўзаро ташрифлар режалаштирилган.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми динамик равишда ўсиб бормоқда - йил бошидан буён товар айланмаси 3 миллиард доллардан ошди.

Россиянинг етакчи компаниялари ва банклари иштирокида нефтгаз ва нефткимё соҳалари, металлургия, машинасозлик, электротехника саноати, фармацевтика, агросаноат комплекси, озиқ-овқат ва бошқа соҳаларда йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳудудлар ва икки давлат ишбилармонлари даражасида амалий ҳамкорлик фаоллашди. Маданий-гуманитар алоқалар кенгаймоқда.

Таъкидланишича, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга Москва ва Бутун Рус патриархи Кириллнинг Ўзбекистонга яқинда амалга оширилган ташрифи ҳам хизмат қилди.

Суҳбат чоғида икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари бўйича фикр алмашилди. 

Мулоқот якунида Ўзбекистон раҳбари Россия президентини яна бир бор самимий муборакбод этди ва унга сиҳат-саломатлик, фаровонлик ҳамда доимий муваффақиятлар, дўстона рус халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилади.

Россия раҳбари Ўзбекистон етакчиси ва халқига самимий табриклар учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қатъий муносабатда эканини таъкидлади.