Сергели туманининг 6-мавзесида 66 та 7 қаватли уй бунёд этилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бу уйлар қурилиши мустақиллик байрамининг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши керак эди. Бироқ нима сабабдан турар-жойлар белгиланган муддатда оилаларга топширилмади?

KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, мазкур масалага Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Тошкент бош архитектори Асомиддин Тожиев матбуот анжумани чоғида ойдинлик киритди:

"Очиғини айтиш керак, биз қурилаётган янги биноларни "Наврўз", "Мустақиллик" арафасида топширилишига ўрганиб қолганмиз. Сергелидаги уйларни сентябрь ойида топширилмаганининг сабаби шундаки, чала битмаган уй топширгандан кўра, ноябрда тўлиқ ҳолда топширишни олдимизга мақсад қилдик. Кундалик ҳаётда ҳам бир нима мўлжал қилсак, доим режадагидек чиқавермайди. Асосий муаммо ташқи коммуникация масаласида бўлди. Сергелида ер ости сувининг баландлиги 1,5 метр бўлиб, канализация, кабель, газ ўтишининг бир-бири билан тўқнаш келиши ҳам муддат чўзилишига таъсир кўрсатди. Кейин етти қават бино билан беш қават бино қуришнинг фарқи бор", - дея жавоб берди Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асомиддин Тожиев. 

Тожиев шунингдек, нима учун жорий йилда тўққиз қаватли турар-жойлар қурилмаганига ҳам изоҳ бериб ўтди: 

"Ҳозир бизларда кўп қаватли бино қуриш учун кран муаммо бўлмоқда. Кранларга эҳтиёжимиз мавжуд. Насиб қилса келаси йилдан тўққиз, ўн икки, ўн тўрт, ўн олти қаватли уйлар қуришни бошлаймиз. Бу йил Сергели бизларга полигон бўлиб хизмат қилди, десак ҳам бўлади. Шунингдек, қурувчилар маҳоратини ҳам синовдан ўтказдик".

Тошкент бош архитекторининг сўзларига кўра, Сергелидаги биноларни қуришда материаллардан етишмовчилик бўлмаган. Сергелида аҳоли учун бапо этилаётган янги бинолар шу йилнинг охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Мазкур турар-жойлар туфайли 2 минг 500 дан зиёд оила янги уйга кўчиб ўтади.