Бавариядаги Фраунгофер силикат кимё институти олимлари гидроэнергетика орқали қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришнинг янги усулини топишга муваффақ бўлишди. Улар кичик дарёларнинг сув оқимидан электр энергияси ҳосил қилиш учун инновацион эластомер материаллардан фойдаланишди. Science Daily шу ҳақида хабар берди. 

Энергия ҳосил қилиш учун олимлар икки томондан ўтказувчан эластик ва изоляция билан қопланган ўта юпқа эластомер тасмани қўллашади. Уларни кичик дарёлар ва ирмоқларга ўрнатишди, эластомерларнинг доимий деформацияси ва релаксацияси сувнинг кинетик энергиясини бевосита электр энергиясига айлантиради. Сув тасмани деформациялайди, натижада кучли электр заряди ҳосил бўлади. Шундан сўнг эластомер тасма аввалги ҳолига қайтади ва жараён қайтадан бошланади. 

"Тасмани ўрнатишнинг асосий афзалликларидан бири шуки, уни ҳар қандай чуқурликдаги сувда қўллаш мумкин бўлади, - дейди лойиҳа раҳбари Бернхард Бруннер. - Бизнинг эластомер генераторларимиз кичик дарёларга жуда яхши тўғри келади ва 0,5 сония оқим тезлиги ҳамда 0,5 м чуқурликда ишлаши мумкин. Шамол ва қуёшга боғлиқ бўлмаган тизимимиз - мукаммал қарор. Биргина шундай ўрнатма энерготизимга умумий ҳисобда йилига 876 МВт/с электр энергиясини етказиб бера олади, бунда экотизимга ҳеч қандай зиён етмайди".

Эластомер генераторлар тўғонсиз саёз дарёларда шовқинсиз ишлашга мўлжалланган. Улар, масалан, кемпинглар ёки бевосита сув яқинида жойлашган узоқ аҳоли пунктларида автоном қувват манбаи сифатида фойдаланиш учун айни муддао. 

Бруннер ва тадқиқотчилар жамоаси икки турдаги генераторларни ишлаб чиқмоқда: сузувчи ва дарё қирғоғига боғланган. Ҳозирда олимлар қурилма ҳажмларини кичрайтириш устида ишламоқда. Лойиҳа охирига бориб улар генераторга сув тошқинидан ҳимоя тизимини тадбиқ этишни режалаштиришмоқда. 

Олимлар Верн ва Таубер дарёларида синов ўтказиш учун маҳаллий ҳукумат билан узвий ҳамкорликда ишламоқда. Уларнинг мақсади - қурилманинг бир қикл фаолиятида 100 Вт электр энергиясини ҳосил қилиш.