Тармоқли маркетинг бу молиявий пирамидами? МММ – MLM ҳаммаси бир маънони англатадими? Avon, Faberlic, Amway, Gano, Herbalife сингари ташкилотлар фирибгарлик ташкилотларими? Тармоқли маркетинг қонунийми? Ниқобланган молиявий пирамида нима ўзи? Юқоридаги саволларга жавобни қуйидаги мақолани ўқиш орқали билиб олишингиз мумкин.

Ҳар бир даврда ҳам осон пул топиш ёки пулни кўпайтириш йўллари инсонларни қизиқтириб келган. Иложи борича камроқ куч ва ақл сарфлаб кўпроқ фойда олиш ниятида тадбиркорлар ўз маҳсулот ва хизматларини эркин ёлланма ходимлар орқали сотишни йўлга қўйишган. Ҳар бир ёлланма ишчининг даромади бевосита сотиладиган маҳсулот ва хизматга боғланганлиги дастлабки самарани берган бўлса, уларнинг бошқа яна ўзларига ўхшаган фаол ёлланма ишчиларни олиб келган ҳолда кўпроқ маҳсулот сотила бошлаши икки баравар самара келтира бошлаган. Шу тариқа эркин ёлланма ишчилар тармоғи бўлмиш тармоқли маркетинг (MLM) юзага келган. Бунда ёлланма ишчилар (бугунги кунда агентлар)ни рағбатлантиришнинг энг самарали усуллари қўлланилган. Фаолликка яраша даромад ҳам пропорционал белгиланган. Шу тариқа бу усул қўлланилган барча бизнес лойиҳалар тез суръатларда ривожлана борган. Бироқ, орада фирибгарлик ва қинғир мақсадли кимсалар пайдо бўлдики, ушбу усулни умуман бошқа мақсадда, яъни пулларни омонат кўринишида тезкорлик билан йиғилиши ҳамда қолганларнинг ҳисобига лойиҳа эгаларига тақсимланиши амалга оширилиши йўлида молиявий пирамидаларни ташкил қилишди. Бунинг натижасида жуда кўплаб инсонлар ўз маблағларидан айрилди. Натижада инсонларда молиявий пирамидалар ва тармоқли маркетинг тушунчаларига нисбатан ишончсизлик ва хатар туйғулари пайдо бўлди. Оқибатда, иккала тушунча ўртасидаги тафовутларни билмаслик натижасида бугунги кунгача инсонлар зарар кўриб келмоқда. Мақолада ҳар бир тушунчага батафсил тўхталган ҳолда тўлиқ маълумот бериб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Молиявий пирамида (шунингдек инвестицион пирамида) – тузилмадаги иштирокчиларни доимий пул маблағлари жалб қилиниши эвазига даромад билан таъминлашга асосланган фирибгарлик йўли. Дастлабки пирамида иштирокчиларининг даромади кейинги омонатчилар ҳисобига тўлаб берилади. Кўп ҳолларда иштирокчилар олаётган даромади асл манбайи сир тутилади ва ўрнига бошқа ўйлаб топилган уйдирмалар айтилади ёки кам аҳамиятли қилиб кўрсатилади (Масалан, криптовалюталар биржаси, форекс биржаси, спорт ўйинлари, бинар опционлардан даромда олинади деб кўрсатилиши мумкин). Айнан мана шу нарса эса фирибгарлик саналади. Ўзбекистонда ушбу молиявий пирамидага мисол тариқасида “Аҳмадбой иши воқеаси бўлган. Бундан ташқари Россияда Сергей Мавродининг МММ компанияси яққол мисол бўла олади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам фирибгарлик натижасида маблағлар йиғилган ва якунда кўплаб инсонлар миллионлаб зарар кўришган.

Тармоқли маркетинг (ёки кўп поғонали маркетинг, ингл. multilevel marketing, MLM) – товар ва хизматларни мустақил дистрибьюторлар (сотувчи агентлар) орқали сотиш концепциясидир. Бунда ҳар бир мустақил агент ўзи бошқа агентни таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, у таклиф этган барча агентларнинг рўйхатдан ўтишидан ва агентлар томонидан сотиладиган ҳар бир маҳсулот тушумидан фоиз ёки бонус кўринишида даромад олиш имконига эга ҳисобланади.

Тармоқли маркетинг бизнесдаги самарали сотиш механизмини йўлга қўйиш учун қўлланиладиган концепция ҳисобланади. Бунда концепцияни қўллашдан кўзланган асосий мақсадга қараб лойиҳанинг фирибгарлик лойиҳаси ёки ишончли лойиҳа эканлигига баҳо бериш мумкин. Чунки кўп ҳолларда тармоқли маркетингни эзгу мақсадда барчага бирдай фойда келтириши учун эмас, балки лойиҳанинг ҳақиқий эгалари максимал даражада фойда олгач, қолганларни хонавайрон қилиш мақсадида ташкил қилинади. Айни шундай ёмон ниятда ташкил қилинган лойиҳалар кўп бўлгани учун ҳам тармоқли маркетинг концепциясини кўплаб инсонлар молиявий пирамида билан бир хил нарса, деб ҳисоблашади.

Аслида эса ҳар доим ҳам унақа эмас. Эзгу мақсадда қонуний ташкил қилинган бизнес лойиҳаларда тармоқли маркетинг фақатгина мижозларга маҳсулотларни тезроқ сотиш усули, холос. Унда агентлардан худди арзон ишчи кучидай фойдаланилади. Бунда якуний харидорга нисбатан тўғридан-тўғри сотиш (direct marketing, direct selling) усули қўлланилади.

МММ – MLM ҳаммаси бир маънони англатадими?

Йўқ бу тушунчалар умуман бошқа бошқа. МММ сифатида Россияда Сергей Мавроди томонидан амалга оширилган фирибгарлик молиявий пирамида лойиҳаси эътироф этилади. MLM эса кўп поғонали маркетинг ёки тармоқли маркетингнинг инглизча номланиши ҳисобланади.

Тармоқли маркетинг билан молиявий пирамида ўртасида қандай фарқлар мавжуд?

Ушбу саволга батафсилроқ жавоб бериш мақсадида тушунарлироқ бўлиши учун қуйидаги жадвал кўринишида асосий фарқларни кўрсатишга ҳаракат қилдик.

Avon, Faberlic, Oriflame, Amway, Herbalife сингари ташкилотлар фирибгарлик ташкилотларими?

Йўқ бу ташкилотлар расман фаолият олиб борувчи, ўз фаолиятларида тармоқли маркетингдан самарали фойдаланувчи дунёнинг энг кўп даромад олувчи ташкилотлари ҳисобланади. Уларнинг бугунги кунга келиб юзлаб давлатларда ўз ваколатхоналари расман фаолият кўрсатади.

Тармоқли маркетинг қонунийми?

Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига мувофиқ Ўзбекистонда тармоқли маркетинг қонуний ҳисобланади, бироқ ўз навбатида тармоқли маркетингда савдо қилиш бўйича маълум бир тартиб қоидалар аниқ белгиланган.

Қоидага мувофиқ:

тармоқли маркетинг — тармоқли ташкилот томонидан товарларни мустақил тарқатадиган сотувчи агентлар ташкил этилишига асосланган товарларни чакана сотиш тури;

тармоқли ташкилот — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мустақил равишда ёхуд тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали савдони амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси юридик шахси;

сотувчи агент — турғун савдо шохобчалари орқали товарларни бевосита сотувчи, шунингдек уйга буюртма олиш воситасида, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ёки кўчада потенциал харидорлар билан ишлайдиган, даромади фақат сотув ҳажмига боғлиқ бўлган жисмоний шахс – юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор.

Унга кўра хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари орқали биоактив қўшимчалар, дори воситалари ва тиббий буюмларни тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали сотиш тақиқланади.

Шунингдек, қуйидагилар орқали:

тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳисобланмаган жисмоний шахслар орқали;

хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари орқали тармоқли маркетинг воситасида импорт товарларни олиб келиш ва сотишга йўл қўйилмайди.

Демак, хулоса сифатида қонунийлик жиҳатидан фақатгина тақиқланмаган маҳсулотларни тадбиркорлик субъекти сифатида сотишгина Ўзбекистон ҳудудида расмий тармоқли маркетинг саналади. Қолган барча турдаги ҳолатларда бу фаолият қонуний деб топилмайди.

Ниқобланган молиявий пирамида нима?

Кўп ҳолларда молиявий пирамидалар содда инсонларни тезроқ ва ишонарлироқ ўзига жалб этиш мақсадида ўзларини худди расмий фаолият юритувчи тармоқ маркетингига ўхшаш бўлган ниқобланган ҳолда фаолият ташкил қилишади. Бунда улар ўзларининг фаолиятида бирор бир турдаги товар ёки хизматни сотишни ҳам таклиф қилишади. Аммо бундай маҳсулотлар тури ва истеъмолига эътибор берсангиз улар кўпинча бир марталик, тезда йўқ бўладиган ёки бошқаларга етказиб бўлмайдиган шаклларда бўлади. Бундай турдаги пирамидалар ХАЙПлар ва бошқа турли кўринишдаги бир марталик маҳсулот ва хизматларни номига сотган ҳолда одамларни ишончига кирмоқчи бўлишади. Ўзбекистонда бундай фирмалар сифатида ООО «Yang Chans Asian» («Ченс» ташкилоти вакили), «Quest.net» сингари ташкилотлар фаолият юритган ва якунда фирибгарлик ташкилотлари эканлиги исботлангач ёпилган.

Тармоқ маркетинги аслида дастлаб савдони жадаллаштириш ва тўғридан-тўғри мижозга яқин инсонлар томонидан маҳсулотларни сотиш учун қўлланилган. Бунда бевосита харидорларни ўзи излаб топувчи агентлардан ташкил топган йирик бир чакана сотувчилар гуруҳлари шаклланиши назарда тутилган эди. Энг қизиғи ушбу агентлардан иборат армия ҳар қандай маҳсулот ёки хизматни самарали сотилишида жон куйдириб меҳнат қилишади. Ўз навбатида ушбу меҳнатга яраша сотилган маҳсулотдан бонус ёки фоиз кўринишида даромад олишади. Пирамида кўринишидаги поғонама поғона шаклланадиган тизимда агентлар ҳар бир ўзидан кейинги турувчи агентнинг сотган маҳсулотидан ҳам доимий равишда даромад олиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳар бир агент ўзи жалб қиладиган агентни фаол бўлиши ва маҳсулотларни самарали сотишидан манфаатдор ҳисобланади. Шу сабабли у ўзи жалб қилган агентга иложи борича ҳар бир келишув ва сотиш сир асрорларини яхши ўргатишга ҳаракат қилади ва шунга мос равишда уддабурон одамларни ўз жамоасига айлантиришни хоҳлайди. Шу тариқа ҳаттоки ўз шахсий бизнесини йўлга қўйиши мумкин бўлган шароитлар юзага келади ва агентларга кўпроқ эркинлик берилади. Кимлар учундир бу орзу қилинадиган касб ҳам ҳисобланади.

Энди умумий хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аввало молиявий пирамида ва тармоқли маркетингни бошлаган инсоннинг асл мақсади нима эканлиги ушбу амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳани натижасини белгилашда муҳим рол ўйнайди. Масалан, оддий пичоқ билан овқат тайёрлаш ҳам мумкин, пичоқ билан одам ўлдириш ҳам мумкин. Худди шунингдек тармоқли маркетинг ёки молиявий пирамида асосидаги концепциядан эзгу мақсадда ҳам фойдаланиш мумкин ёки ёвуз мақсадда фойдаланиш ҳам мумкин. Ҳар иккала ҳолатда ҳам инсонларни тез ва самарали жалб қилиш усули сифатида концепция ўз кучида қолаверади. Чунки дунёни манфаат бошқаради, бошқаларнинг ҳисобидан манфаатли даромад кўриш истаги эса ҳар доим инсонни ўз домига тортиб келади.

 Мансур Тангишев
молиячи-эксперт