2017 йил 21 августдан 22 августга қадар бўлган вақт оралиғида, номаълум шахс, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида фуқаро А.Н.А.нинг хонадони эшиги қулфини калит танлаш йўли билан очган ҳолда ғайриқонуний равишда кириб, унга тегишли 29.000 АҚШ доллари миқдоридаги пуллари ҳамда бахоси 4.000.000 сўм бўлган заргарлик буюмларини ўғирлаган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар бермоқда

Мазкур ҳолат юзасидан, Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик, яъни уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, жуда кўп миқдорда, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида, мазкур жиноятни М.А.М. содир этганлиги аниқланган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.