Вашингтон Кубага нисбатан санкцияларни Гавана ўз фуқаролари эркинликларини таъминламагунча бекор қилмайди. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда Испан мероси ҳафталигига бағишланган тадбирда айтиб ўтди.

"Биз Куба ва Венесуэлада яхши одамларни қўллаб-қувватлаш учун қатъий чоралар кўрдик. Биз Гавана Куба халқи учун тўлиқ сиёсий эркинликни таъминламагунча Куба тузумидан санкцияларни олмаймиз", деб айтган Трамп. Трамп Ғарбий яримшар "ҳурлик ва фаровонликда" яшашига умид билдирди.

Трамп "социалистлар томондан таҳқирлашларга учраётган Венесуэла халқини қўллаб-қувватлашини" айтган. Трамп ўз нутқида социалистик ва коммунистик мафкурани кескин танқид қилган.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Кубани яккалаш сиёсати натижа бермагани сабаб, 2014 йил декабрда у билан муносабатлар яхшиланишини эълон қилган.

Бироқ Трамп Куба ҳукуматига нисбатан қатъий позицияни эгаллаган. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар АҚШнинг Гаванадаги элчихонаси ходимлари "акустик ҳужумлар"га учраганларидан кейин янада кескинлашди.