Бир ой ичида Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш бўйича 6 йиллик дастур ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг «Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш тўғрисида»ги қўшма қарори келтириб ўтилган. Қарор матни ЎФФ расмий сайтида эълон қилинган.

Қўшма қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тасарруфийлигидан қатъий назар барча футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, Футбол клублари қошидаги академиялар ва Олимпия захиралари коллежлари ҳамда барча спорт мактаблари фаолиятини ўрганиш бўйича махсус Ишчи гуруҳи тузилади. Гуруҳга бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги футбол мактаблари фаолиятини ўрганиш натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Ўзбекистон Футбол Федерацияси билан биргаликда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш бўйича 2018–2023 йилларга мўлжалланган Дастур ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Дастурни бажарилиш ҳолатини ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг қўшма йиғилишларида дастур бўлимларига масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари муҳокама қилиб борилиши ва тегишли чоралар кўрилиши белгилаб қўйилган.

Қарорда футболга ихтисослаштирилган таълим муассасаларига иқтидорли ёш футболчиларни танлаб олиш сифатини, холислигини ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида қабул жараёнида ўтказиладиган имтиҳон, синов комиссияси таркибига Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан тавсия этилган мутахассисларнинг киритилиши таъминланиши кўрсатиб ўтилган. Энди айнан ЎФФ тавсия қилган мутахассис ҳар бир мактабнинг  қабул жараёнларида иштирок этади.

Шунингдек футболга ихтисослаштирилган таълим муассасаларига раҳбар-кадрлар ва мураббийларни тайинлаш ҳамда вазифасидан озод этиш комиссияси таркибига Ўзбекистон Футбол Федерацияси масъул ходими киритилади. Натижада мактаб, интернат ва академияларда кузатилиши мумкин бўлган ўзгаришлардан ЎФФ бевосита хабардор бўлиб туради ва буни назоратга олиши мумкин бўлади.

Қарорда футболга ихтисослаштирилган таълим муассасаларида шуғулланувчи болалар ва ўсмирларга тегишли бўлган маълумот ва кўрсаткичлари тўпланган ягона электрон базасини яратилиши ҳам алоҳида банд сифатида кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, ҳар ўсиб келаётган ёш футболчи ҳақида керакли маълумотларни олиш имконияти яратилади. 

Бундан ташқари қўшма қарорда республикада қуриладиган футбол спорт иншоотларини лойиҳалаштириш, қурилиш объектларини топшириш жараёнларида ЎФФнинг иштирокини таъминлаш, ўсмир ва футболчилар иштирокидаги мусобақаларни Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг йиллик тақвимига киритиш, Жисмоний тарбия институти томонидан футболга ихтисослаштирилган таълим муассасаларига зарур бўлган ўқув-методик кўлланмалар ва тавсияларни ишлаб чиқиш каби вазифалар ҳам белгилаб олинган.

«Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш тўғрисида»ги қўшма қарор Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ҳамда Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов томонидан имзоланган.