«Трибуна» шанба куни бўлиб ўтган ЖЧ-2018 саралаши учрашувлари натижаларини таҳлил қилади.

A гуруҳи
Шведлар Адвокатнинг устидан кулишди

29 сентябрь куни Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи Дик Адвокат журналистнинг «Швеция Люксембургга 8та гол ура оладими?» дея берган саволига кулимсираган ҳолда шундай жавоб қайтарганди: «Албатта, бундай қила олишмайди. Бу иложсиз. Бу қандай аҳмоқона савол бўлди?».

Воқеалар эса Адвокат кутганидай бўлиб чиқмади. Нидерландиянинг ЖЧ-2018 саралаши доирасида A гуруҳидаги тўғридан-тўғри рақиби Швеция шанба куни Люксембург дарвозасини 8 марта ишғол этди. Швеция терма жамоаси сафида ҳали биттадан ортиқ гол урмаган Маркус Берг шу куни покер қайд этди. Андреас Гранквист дублга эришди, Люстиг ва Тойвонен биттадан гол уришди.

Шу куни Адвокат шогирдлари Беларусни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб қайтишди. Ҳолбуки имконият сақлаб қолиш учун гол ўтказмасдан йирик ҳисобда ғалаба қозониш шарт эди. Энди шведларда тўплар нисбати 26-7, скандинавлардан 3 очко ортда қолаётган ва охирги турда бу терма жамоани ўз уйида меҳмон қиладиган Нидерландияда 19-12.

Эндиликда плей-оффга чиқиш учун охирги турда Нидерландия Швеция дарвозасига жавобсиз 7та гол уриб ғалаба қозониши керак бўлади.

Гуруҳ етакчиси Франция эса Софияда Болгарияни Блез Матюдининг голи эвазига мағлуб этиб очколари сонини 20тага етказди ва гуруҳда камида иккинчи ўринни олишини таъминлади. Кейинги турда французлар Люксембургни қабул қилиши ҳисобга олинса, мундиал йўлланмаси амалда нақд қилинган.


B гуруҳи
Барчаси Лиссабонда ҳал бўлади

Бу сафарги саралашнинг Европа минтақасида B гуруҳи энг рақобатли гуруҳ бўлди. Айни вақтга келиб Швейцария ва Португалия Россияга энг яқин терма жамоалар бўлиб туришибди. Европа чемпионлари биринчи даврада Базелда 0:2 ҳисобида мағлуб бўлишганди ва шу туфайли айни вақтда гуруҳда Швейцариядан 3 очкога ортда қолмоқда. Шанба куни швейцарияликлар Венгрияда ишончли ғалабага эришди (5:2), португаллар Андоррани мағлуб этди (2:0). Жамоа ҳужумчиси Андре Сильва ўйиндаги голлардан бирига муаллиф бўлди, терма жамоанинг саралашдаги барча 9 ўйинида иштирок этган бу футболчи 9 голда иштирок этган (8 гол ва бир голли узатма).

Бу гуруҳда ким биринчи ўринни эгаллаши 10 октябрь куни Лиссабонда ҳал бўлади. Португалиянинг ғалабасидан бошқа ҳар қандай натижа Швейцарияни Россияга йўллайди. Агар мезбонлар ғалаба қозонса, тўплар нисбати улар томонида бўлади, португаллар 30та гол уриб, 4та ўтказиб юборишган, Швейцарияда 23-5.

Фарер ороллари латвияликларга қарши ўйинда навбатдаги очкосини олди. 9 ўйинда ушбу митти давлат 9 очко олган, 2 ғалаба, 3 дуранг ва 4 мағлубият. Бу терма жамоанинг ўз тарихидаги энг яхши натижасидир. Латвияликлар эса бу саралаш босқичида фақат бир марта, Андоррага қарши ўйинда ғалаба қилган. Болтиқ бўйи давлати охирги ўринни эгаллайди.


H гуруҳи
Сараеводаги триллер

Сараевода Босния ва Герцоговина ҳамда Бельгия терма жамоалари ўртасидаги учрашув гуруҳда иккинчи ўрин масаласига таъсир кўрсатарди. Мезбонлар мундиал йўлланмасини ҳал қилиб бўлган бельгияликларни мағлуб этиш орқали иккинчи ўринда қолар ва плей-оффда ўйнаш учун яхши имконият ҳосил қилар эди. Ноқулай об-ҳаво шароитида ўтган учрашувда Бельгия асосий таркибни майдонга ташламаган бўлсада ғалабага эриша олди. Учрашувда 7 гол киритилди, шундан фақат 3таси боснияликлар томонидан.

Қайд этиш керакки, Роберто Мартинес шогирдлари саралаш ўйинларида илк марта ўз дарвозасидан 3та гол ўтказди. Шу билан бирга 2009 йилдан буён давом этаётган саралаш ўйинларидаги мағлубиятсиз сериясини давом эттирди, бундай ўйинлар сони 19тага етган: 16 ғалаба ва 3 дуранг. 

«Тоттенҳэм» футболчиси Ян Фертонген терма жамоадаги ўйинлари сонини 96тага етказди ва бу борада шу вақтгача рекордчи саналган Ян Кулеманс билан тенглашди. Охирги турда терма жамоа Кипрга қарши ўйнайди ва бу учрашувда майдонга тушса, Фертонген тарихга киради.

Греклар иккинчи ўрин учун тўғридан-тўғри рақибининг мағлубиятидан фойдаланиб қолди. Кипрда кечган оғир учрашувда Греция ғалабага эришди. Меҳмонлар дастлаб гол ўтказганди, аммо ирода намойиш этиб, ғалабани ўзиники қилди ва гуруҳда иккинчи ўринга чиқди. Охирги турда Греклар Гибральтарни қабул қилади, боснияликларда имконият камроқ.

Гуруҳдаги учинчи ўйинда Эстония Гибралтарни осонлик билан таслим этди - 6:0. Таллининг «Флора» жамоаси ҳужумчиси Йоонас Тамм 25 дақиқада 3та гол урди. 6 йил олдин терма жамоада дебют қилган бу футболчи ҳали гол урмаганди ва бирданига ҳет-трикни нишонлади. Эстонлар бу натижа орқали 1928 йилдаги натижасини қайд этганди, Болтиқ бўйи давлати терма жамоаси охирги марта ўша йилда рақибни 6:0 ҳисобида енгганди (Литвага қарши ўртоқлик учрашуви).