Эрон АҚШ Теҳронга қарши янги санкциялар қабул қилса ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини (ИИҚК) террорчилик ташкилоти деб эълон қилса, бунинг оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирди.

ИИҚК бригада генерали Муҳаммад Али Жаъфарий Эрон бу ҳолатда жавоб чоралари кўришга тайёрлигини айтган. "Агар АҚШ ҳукумати аҳмоқлиги ҳақидаги янгиликлар рост бўлса ва у Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террорчилик гуруҳи деб эълон қилмоқчи бўлаётган бўлса, унда ИИҚК АҚШ армиясини бутун дунёда ва айниқса Яқин Шарқда ИШИДга тенглаштиради", деб айтди Жаъфарий.

Жаъфарий шунингдек АҚШга минтақада жойлашган ҳарбий базаларини Эрон ракеталари нишонга ура оладиган сарҳадлар ортига, яъни 2 минг км узоқроққа кўчиришни тавсия қилди.

6 октябрда Оқ уй Эронни ракеталар синови учун, террорчиликни қўллаб-қувватлаш ва кибероперацияларда айблаб, унга қарши янги санкциялар киритилишини маълум қилганди.